Олий Мажлис Сенати Раиси Беруний ва Тўрткўл туманлари аҳолиси билан учрашди

09:57 25 Январь 2021 Жамият
1703 0

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюриб, ҳудудда амалга оширилаётган бир қатор истиқболли лойиҳалар билан танишди.

Хусусан, Сенат Раиси Танзила Норбоева ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Мурат Камалов Беруний туманига ташриф буюрди.

Улар дастлаб туман марказидан энг олисда жойлашган, шароити оғир ҳудудлардан бири бўлган «Олтинсой» овул фуқаролар йиғинида бўлишди. Мазкур ҳудуд аҳолисини анча вақтдан буён тоза ичимлик суви муаммоси қийнаб келарди. 2020 йил охирида ҳудуддаги сув тармоқларига янгидан ичимлик сув фильтрлари ўрнатилгач ҳудуд аҳолисининг бу борадаги муаммоси ҳал қилинган эди. Сенат Раиси Т.Нарбаева ва Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов ҳудуд аҳолиси билан учрашди ва мурожаатларини тинглади.

Шундан сўнг меҳмонлар Беруний туманидаги Ёшлар марказида бир гуруҳ фаол аёллар билан учрашди.

— Бугунги кунда юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди Беруний тумани ҳокими маслаҳатчиси Санамжон Юсупова. — Мана бугун Сенат Раиси Танзила Камаловнанинг шахсан ўзлари келиб, туманимизда аёллар бандлигини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ишлар билан танишиш баробарида келгусидаги вазифаларни ҳам белгилаб бердилар. 

Ўтган 2020 йил Беруний тумани «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»ни шакллантириш бўйича намунали туман, дея эътироф қилинган эди. Биз, 2021 йилда ҳам белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, аёлларнинг ўзини ўзи банд қилиш ҳамда иш билан таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган «йўл харита»сига асосан амалий ишларимизни изчил давом қилдирамиз. Зеро, ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш доимий эътиборимизда. 

Учрашувда Сенат Раиси кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган хотин-қизларга уй-жойларнинг бошланғич бадаллари тўлаб берилганлиги бўйича сертификатлар топширди, шунингдек, «Аёллар дафтари»га киритилган бир гуруҳ аёлларга тикув машиналари, мини-печкалар, аёллар сартарошлиги бўйича асбоб анжомлар, «Беруний Текстиль Инвест» корхонасида узоқ йиллар давомида иш фаолияти билан банд бўлган фаол аёлларга совғалар топширди.

Туманда қўшиқчилик санъатини пухта ўрганаётган ёшлар кўп. Улардан бири миллий мақом йўналишида қўшиқлар ижро қилиб, бугунги кунгача юқори натижаларга эришган Беруний туманидаги 6-сонли мусиқа мактаби ўқувчиси Муроджон Қодирбергановдир. 

Ташриф доирасида Муроджон ижросидаги ижросидаги куй-қўшиқлар ҳамда Ёшлар марказида ташкил қилинган гимнастика тўгараги қатнашувчиларининг машқлари ҳам меҳмонлар эътиборига ҳавола қилинди. Ёшлар маркази фойесида ҳунармандчилик кўргазмалари ташкил қилинди.

Сенат Раиси Тўрткўл туманига ҳам ташриф буюрди.

Меҳмонлар Тўрткўл туманида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда "DINUR-JOBS" МЧЖ билан ҳамкорликда ишсиз аҳоли, ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитишга мўлжалланган мономарказнинг тантанали очилиш маросимида иштирок қилди. 

Мазкур мономарказ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 15 августдаги «Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги, 15 сентябрдаги «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш тўғрисида»ги, 13 октябрдаги «Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорларида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб ўз фаолиятини амалга оширади.

— Мономарказ пайвандчи, электрик, сантехник, умумқурилиш мутахассислари (бўёқчи, сувоқчи, бетончи), ошпаз-қандолатчи, батлер-официант, бухгалтерия, тадбиркорлик асослари, IT-мутахассисликлари, тикувчилик, хорижий тиллар (турк, рус тиллари) каби йўналишлар бўйича йилига мингдан ортиқ фуқароларни ўқитишга мўлжалланган, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири У .Сабуров. — Касб йўналишлари бўйича ўқув дастурлари «World Skills» халқаро уюшмаси талаблари бўйича Тошкент шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономаркази ўқув дастурлари асосида ишлаб чиқилган. Мономарказдаги 11 нафар ўқитувчиларнинг малакаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида оширилган ва махсус сертификатлар берилган. Ўқитиш якуни бўйича битирувчиларга махсус сертификат берилади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан мономарказга ишсиз фуқаролар («Темир дафтар», «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтар»ларига киритилган ишсизларнинг) ўқитиш харажатларини қоплаш учун Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан грант ажратилади.

Шунингдек, вазирлик меҳнат органларининг йўлланмаси бўйича ўқитилган ишсиз фуқароларнинг ўқитиш харажатларини тўлаб беради ва уларга стипендия тайинлайди, ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларнинг касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитиш бўйича харажатларини қоплаб беради.

Тадбир давомида Сенат Раиси ва Жўқорғи Кенгеси Раиси янгидан иш бошлаган ўқув марказида яратилган шарт-шароит ва имкониятлар билан яқиндан танишиб, дастлабки касб-ҳунар ўрганиш учун ўқишни бошлаган тингловчилар билан суҳбатлашдилар. 

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ўринбосари Э.Муҳитдиновнинг таъкидлашича,мономарказ ўқитувчиларининг малакаси «Ишга марҳамат» мономарказларида оширилади, мономарказ ўқув қўлланмалари вазирлик методик ёрдами асосида такомиллаштирилади.

Шунинг билан Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаеванинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи якунланди.

Ғ.Отажонов,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер