“UzAutoMotors” машиналар нархини шакллантиришида махфий ҳужжатларга асослангани маълум қилинди
Бугун, 9 октябрь куни, Тошкент шаҳар маъмурий судида “UzAutoMotors” АЖнинг Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг 21/31-сонли ишига оид 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича ўтказилаётган суд жараёни давом этди.
Ушбу маъмурий иш судья Ғ. Давлатов раислигида кўрилмоқда.
Бугунги суд мажлисида дастлабки сўз навбати аризачи вакилига тақдим этилиб, “UzAutoMotors” АЖ вакили ўз важида жавобгар ўтказилган текшириш натижаларига кўра махсус комиссияси томонидан ишни кўришда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги, жумладан комиссия йиғилиши 3, 7 август кунлари ўтказилган бўлсада, мазкур йиғилиш баённомалари юритилмаганлигини, фақатгина комиссиянинг 19 август, яъни қарор қабул қилинган кундаги йиғилиш баённомаси мавжудлиги, махсус комиссияга йиғилишни ўтказишни бошқа кунга қолдириш тўғрисидаги илтимоснома киритилган бўлсада, Низомнинг 18-банди талаби бузилиб, иш “UzAutoMotors” АЖ вакили иштирокисиз кўрилиб, жамиятга ёзма фикр ва далилларни тақдим этиш ҳуқуқи чекланганлигини, шунингдек жамиятда ўтказилган текшириш далолатномасида кўрсатилмаган ҳолатлар комиссия йиғилишида муҳокама қилинганлиги, комиссия аъзолари таркибида МҚКҚ раиси Н. Шарипов бўлмасада, йиғилишда иштирок этганлиги, текшириш давомида автомобилларнинг тан нархи асоссиз оширилган деган номақбул далиллар келтирилганлигини билдириб, текширишда аниқланган камчиликларни инкор этувчи ҳужжатлар тақдим этилди.
Шунингдек, аризачи вакили томонидан судга илтимоснома киритилиб, жамиятда ўтказилган текширишга асос бўлган ҳужжатларни тақдим этиш сўралди.
Ушбу илтимосномани қаноатлантириш тўғрисида суд ўз ўрнида ажрим қилди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакилларининг аризачи талабларига нисбатан келтирилган важлари тингланди.
Барча тарафларнинг фикри тингланганидан сўнг, аризачи “UzAutoMotors” АЖ вакили томонидан дастлабки суд мажлисида киритган илтимосномани муҳокама қилишни, яъни жамият томонидан ишлаб чиқариладиган товарларнинг тан нархи шакллантирилишида махфий ҳужжатларга асосланилганлиги, МҚКҚ томонидан эса ушбу ҳужжатлар тегишли тартибда ўрганилмасдан қарор қабул қилинганлигини, шу сабабли ўтказилган текшириш ва қабул қилинган қарорга нисбатан ўз эътирозларини билдиришлари лозимлигини маълум қилиб, судга “махфий” грифи остидаги ҳужжатларни тақдим этиб, суд мажлисини мазкур муҳокама қисмини ёпиқ тарзда ўтказиш сўралди.
Ушбу илтимосномани муҳокама қилиш ва суд муҳокамасига тақдим этилган қўшимча далилларни ўрганиш учун ишни кўриш кейинга қолдирилди.
Навбатдаги суд мажлиси 2020 йил 16 октябрь куни соат 10.00 да ўтказилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг