«Номингизга чет элдан катта мерос қолдирилган»: Давлат божхона қўмитаси фирибгарларнинг янги тузоғидан огоҳлантирди

15:32 10 Апрель 2026 Жамият
332 0

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар орқали «Божхона склади», «Божхона мусодара товарлари» ва шунга ўхшаш бошқа номлар билан очилган сохта саҳифалар орқали фирибгарлик ҳолатлари кузатилмоқда.

Ушбу саҳифаларда божхона органлари томонидан тўхтатиб қолинган ва давлат эгалигига ўтказилган товарлар ҳайратланарли даражада арзон нархларда сотилаётгани маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси юқоридаги каби сохта саҳифаларда эълон қилинаётган товар ва хизматлар ҳақидаги хабарларга ишониб, номаълум кимсаларга пул маблағлари ўтказмасликка чақирди.

Маълум қилинишича, ҳар қандай мусодара қилинган товарлар суд қарорига асосан Божхона сервис давлат муассасасига қарашли дўконларда сотувга чиқарилади.

Шунингдек, Давлат божхона қўмитаси фирибгарларнинг янги турдаги алдов ҳолатларидан ҳам огоҳ бўлишга чорлаган.

Масалан, фуқарога ижтимоий тармоқлар орқали «Сизга чет элдан юз минг доллар мерос қолдирилган. Божхонада турибди. Уни олиш учун 9 млн тўлашингиз керак» каби хабарлар келиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Қўмита бундай хабарлар фирибгарларнинг навбатдаги тузоғи ҳисобланиб, ҳеч бир расмий идоралар мерос ёки юк учун олдиндан тўлов талаб қилмаслигини эслатиб ўтган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер