Текин пишлоқ қопқонда бўлади ёхуд тармоқдаги “қармоқ”ларга илиниб қолманг

14:16 07 Апрель 2026 Жамият
275 0

Бугунги кунда фан ва техника соҳасида улкан муваффақиятлар қўлга киритилмоқда. Айниқса, интернет тармоғининг жадал ривожланиши туфайли барча соҳалар учун қулайликлар яратилмоқда. Аммо бу янгиланишлардан ўз манфаати йўлида фойдаланаётган киберфирибгарлар пайдо бўлмоқдаки, улар содда ва ишонувчан одамларни осонгина ўз “тузоғи”га илинтирмоқда.

Ҳозирги пайтда телеграм орқали “apk” вируслар жуда авж олди. Уларнинг мазмуни ҳафтасига ўзгаряпти. Охирги пайтда суд қарори ёки мажбурий ижродан “Сизга нисбатан жарима белгиланди” каби хабарларга одамлар кўп алданишяпти. Баъзан бу рўйхатдан ўтказилган маълумотномага ўхшайди, муҳр қўйилган, раҳбарнинг исм-фамилияси ҳам ёзилган бўлади. Одамларда уни ростдан ҳам суд қарори ёки мажбурий ижродан келган экан деб, очиш эҳтимоли жуда юқори.

Очиб қўядиган бўлсангиз, биринчи навбатда телеграмингиз сизнинг ихтиёрингиздан чиқиб, фирибгарнинг ихтиёрига ўтиб кетади. Кейин телефонингиздаги иловалардаги пластик карталарингиз ҳам фирибгарлар қўлига ўтади. Улар сизнинг номингиздан телеграмдан бемалол фойдаланади. Контактингиздаги барча одамлардан қарз сўраши ёки “apk” вирусларни барчага тарқатиши мумкин. Энг яқин қариндошларингиз сиздан келган нарсани очиб кўради, албатта. Кейин улар ҳам пул маблағларини йўқотади. Уларнинг номидан ҳам бошқаларга SMS хабар кетади. “Қарз бериб туринг” деб катта миқдордаги суммани сўрашади.

Агар вирусли “apk” файллар очиб қўйилган бўлса, биринчи ўринда пластик карталарни “музлатиш” – блоклатиш керак бўлади. Банк пластик картани блоклатиш учун банкга тўғридан-тўғри телефон қилсангиз, кутиб қолиш эҳтимоли кўп ва вақтдан ютқазасиз. Шунинг учун номингиздаги пластик карталардаги барча пулларни яқинларингизнинг банк карталарига тезкор ўтказиш керак. Кейин, банкка телефон қилиб, номингиздаги ҳамма пластик карталарни блоклатиш лозим.

Айни пайтда Ички ишлар вазирлиги томонидан махсус “SamCyber102” иловаси ишлаб чиқарилди. Уни “Play Market”дан бемалол юклаб олиш мумкин. Бу қандай ишлайди? Яъни телефонингизга вирусли файл жўнатилган бўлса, нафақат “apk” вирус, балки бошқа турдаги вирус келса ҳам, телефоннинг ўзи автомат равишда сизни огоҳлантиради. Сўнг иловага кириб, вирусли файл қаердан келган, телеграм орқали келганми ёки инстаграм орқалими, бемалол кириб ўчириб юбориш имконияти бўлади.

СизгаМарказий банк”, “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат идоралари” ёки “Уяли алоқа компанияси ходимиман” деб қўнғироқ бўлса, номингизга кредит расмийлаштирилаётган бўлади. Ёки “Сизга ютуқ чиқди”, “Пул ютиб олдингиз”, “Пулни олишингиз учун озроқ маблағ керак бўлади” дейишса ҳам сергак бўлинг. “Текин пишлоқ фақат қопқонда!” Зинҳор SMS кодни айтиб қўйманг. Айтадиган бўлсангиз, номингизга кредит расмийлаштирилади. Фирибгарлар шу қадар айёр бўлиб кетганки, ҳатто сиз киберҳужумга учраган экансиз, улар бу бўйича “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат идоралариданман” деб сизни фирибгарга улаб беришади. Кейин мулоқот давомида шахсингизни идентификациядан ўтказишади ёки юборилган кодни эгаллаб олади. Код орқали номингизга катта миқдорда кредит олинади. Яъни айтайлик, 100 миллион сўм пул пластик картангизга ташлаб берилади. Банк ҳеч қачон сизнинг номингизга олинган пулни бошқа картага ташлаб бермайди. Сиз мулоқот давомида ўзингиз билмаган ҳолда картангиздаги пулларни ё ўтказиб берасиз ёки улар ечиб олишади.

Мисол келтирадиган бўлсам, аэропортда ишлайдиган ходимга банкдан телефон бўлган. Унга «сизга киберҳужум бўлаётган экан. Пластик картангиздаги пулларни бошқа картага ўтказишингиз керак. Бу бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат идоралари шуғулланади” деб айтишган. Фирибгар жабрланувчининг банк пластик картасидаги пулларнинг алдов йўли билан ўз пластик картасига ўтказиб олган. Бу ҳам етмагандек, жабрланувчининг номига катта миқдорда турли хил банклардан кредит ҳам расмийлаштирганлиги аниқланди.

Тўғри, ҳозирда кредит олмаслик учун https://my.gov.uz тизими орқали кредит тарихини блоклаб қўйиш имконияти бор. Кредитга тақиқ қўйганингиздан кейин, сизга фирибгар телефон қилиб, код юборадиган бўлса ёки шахсингизни тасдиқлатса ҳам, сизга кредит берилмайди. Қачонки ўзингизга кредит керак бўлса, банкга бориб, кредит тарихини очдиришингиз мумкин.

Албатта, телефон қилганда фирибгарлар “мен банк ходимиман, агар ишонмаётган бўлсангиз, телеграм орқали онлайн гаплашишимиз мумкин” дейди. Телеграм ёки бошқа ижтимоий тармоқлардан телефон қилишади. Мулоқот пайтида суҳбат давомийлигини чўзиб, бемалол сизнинг расмингизни идентификациядан ўтказишади. Ўша пайтда номингизга кредит расмийлаштириб қўйишганини ўзингиз ҳам билмай қоласиз. Шубҳали қўнғироқ ёки видео қўнғироқ бўлса дарҳол ўчириб қўйинг, шунда ўзингизни ва яқинларингизни асраган бўласиз.

Мамлакатимизда янги тартиб бўйича кибержиноятга учраган фуқароларнинг мурожаатига кўра, уларнинг маблағини топиш бўйича тергов-суриштирув ишлари олиб борилади. Барибир ҳушёрликни йўқотмаслик керак. Ҳозирда бу жиноятчилик бутун дунёда глобал муаммо бўлиб турибди. Бунинг олдини олиш учун фуқароларнинг ҳушёрлигини ошириш керак. Зотан, виртуал оламда танимаган одамлар билан мулоқот қилмаслик, шубҳали қўнғироқларга жавоб бермаслик, ишонувчан бўлмаслик замон талабидир.

Фарход АБДУВАЛИЕВ,

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани

Ички ишлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси

Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларни олдини олиш бўлими ходими.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер