Экологик ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Сенаторлар томонидан экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида айрим муаммолар мавжудлиги таъкидланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдори камлиги сабабли улар ўзининг сезиларли тарбиявий ва профилактик аҳамиятини бермаяпти.
Маъмурий жарималарнинг мансабдор шахсларга нисбатан қўлланилиши эса корхоналар учун сезиларли молиявий таъсир кўрсатмасдан, мулкдорда “жазосизлик туйғуси” шаклланишига олиб келмоқда.
Амалиётда бундай муаммолар экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун жавобгарликни янада кучайтиришни тақозо этмоқда.
Қонун билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Жумладан, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонун янги боб билан тўлдирилиб, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар белгиланмоқда.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси (атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик) тўлдирилиб, ёқиш учун мўлжалланмаган жойларда ва (ёки) қурилмаларда ёқилғини, ёқилғи сифатида фойдаланиладиган моддаларни ёки моддалар аралашмасини, ёқилғи ҳисобланмайдиган материалларни ва чиқиндиларни очиқ аланга олдириб ёқиш, шунингдек иссиқхоналарда, ишлаб чиқариш биноларида, ёндириш ускуналарида ёки бошқа объектларда ёқилғи сифатида шиналарни, битумни, мазутни, плёнкани, синтетик картонни, резинани, жун толасини ёқиш ва шунга ўхшаш компонентларни ўз ичига олган чиқиндиларни ёқиш учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, Қонуннинг қабул қилиниши атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, табиий ресурсларнинг кафолатланган ҳимояланишига, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда давлат экологик назоратини самарали ташкил этишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
- Берлинда Наврўз: Янги Ўзбекистон маданиятининг жаҳон саҳнасидаги муносиб тақдимоти
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг