Доғистонда ҳам тўғон ёрилди. Тошқинлар оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган

18:11 06 Апрель 2026 Дунё
379 0

Фото: ТАСС

Доғистонда кучли ёмғирлар сабаб юзага келган тошқинлар оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Интерфакс» агентлиги маълум қилди.

Жорий йилнинг 28 март ҳамда 4–5 апрель кунлари кузатилган кучли ёғингарчиликлар оқибатида ҳудудда уй-жойлар, йўллар ва электр подстанциялари сув остида қолган, қарийб 20 та туманда электр таъминоти чекланган.

Республика ҳукумати Махачқала, Хасавюрт, Буйнакск, Доғистон Огни, Каспийск шаҳарлари, шунингдек, Дербент, Қорабудоқкент, Хасавюрт, Гумбетов, Бабаюрт, Новолак ва Қайтоғ туманларида фавқулодда ҳолат режимини жорий этган. Махачқала шаҳрида қарийб 3,8 мингта уй зарар кўрган.

Дербент туманида федерал трассанинг бир қисми сув остида қолгани оқибатида икки нафар фуқаро ҳалок бўлган, яна беш киши қутқариб қолинган. Шунингдек, Қайтоғ туманидаги Кирки қишлоғида кўчки сабаб вайрон бўлган уй остида яна бир қурбон топилган.

Шунингдек, тумандаги Мамедқала қишлоғи яқинидан 5 ёшли қизчанинг жасади топилган. Маълум қилинишича, ҳалок бўлган қизалоқ Велкент қишлоғидан бўлган. У Мамедқала посёлкаси яқинидаги федерал автомобиль йўли участкасидан сув сатҳи кўтарилиши ортидан оқимга тушиб кетган. Қутқарув ишлари давомида унинг жасади қишлоқ яқинидан топилган.

Ҳозирда барча ҳалокатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Гежух сув омборидаги дамбага зарар етгани сабаб Дербент туманидаги тўртта маҳалладан профилактика мақсадида 4 мингдан ортиқ аҳолини эвакуация қилган.

Бундан ташқари, Қорабудоқкент туманидаги «Солнечный берег» оромгоҳидан тошқин хавфи сабаб 10 та автобусда 150 нафар бола хавфсиз жойга кўчирилган. Махачқала шаҳри Айвазовский кўчасида эса ер ювилиши оқибатида олти қаватли уйга туташган уч қаватли қўшимча бино қулаб тушган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Ақмола вилоятида жойлашган «Шоптикол» дамбаси ёрилиб кетгани ҳақида хабар берилган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер