Самарқандда 1,6 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланилди

17:20 06 Апрель 2026 Жамият
343 0

Видеодан кадр

Самарқанд шаҳрида 1,6 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди, деб хабар бермоқда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, вилоят ҳудудида Бош прокуратура, газ таъминоти филиали комплаенс назорат тузилмалари, шаҳар газ таъминоти бўлими ходимлари ва «Ўзэнергоинспекция» ҳамкорлигида олиб борилган тадбирларда қатор ноқонуний ҳолатлар фош этилган.

Хусусан, Самарқанд шаҳар Спитамен шоҳ кўчасида жойлашган кўп қаватли уй хатловдан ўтказилганда лойиҳа-техник ҳужжатларсиз, таъминоти корхонаси билан шартнома расмийлаштирмасдан табиий газдан фойдаланилаётгани аниқланган. Ҳолат юзасидан 725 миллион 587 минг сўмлик табиий газ ҳажмлари қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Бошқа бир худди шундай ҳолат шаҳарнинг «Нурли келажак» МФЙдаги кўп қаватли уйда ҳам кузатилган. Мазкур қоидабузарлик натижасида эса 702 млн 138 минг сўм зарар келтирилган.

Шунингдек, шаҳарнинг Нарпай кўчасидаги кўп қаватли уйда ҳам юқорида қайд этилгани каби ноқонуний ҳолат аниқланиб, қоидабузарга нисбатан 184 млн 953 минг сўм жарима белгиланган.

Билдирилишича, ҳозирда барча ҳолатлар бўйича далолатномалар расмийлаштирилиб, ҳужжатлар ҳуқуқ-тартибот органларига юборилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер