“Енгилмас: Токиога йўл” бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди

16:44 04 Апрель 2026 Маданият
461 0

Ўзбекистон Миллий кино санъати саройи бу гал ҳар доимгиданда ўзгача ва шукуҳли бўлди. Қўлларида даста гуллар кўтарган ёш-у кекса тезроқ кино залига кириб, олдинроқдан жой олишга интилишар, фильм ижодкорлари ва қаҳрамонларига икки оғиз бўлса-да эзгу тилакларини билдиришга ошиқардилар. Икки карра жаҳон чемпиони Баҳодир Жалоловнинг зафарли ҳаёт йўли илк бор катта экранда намойиш этилиши кўплаб қалби қайноқ юртдошларимизни мана шу маърифат масканида жамлади. Жараён шундай файзли кечди. Мухлислар эътиборига ҳавола этилаётган бу ижодий асар тақдимоти ҳам кўтаринкилик билан бошланди.

Ўзбек спорти тарихида, жумладан жаҳон бокс тарихида олтин ҳарфлар билан ёзилган ном — Баҳодир Жалолов ҳаёти ва унинг буюк ғалабаларга тўла ҳаёт йўлига бағишланган “Енгилмас: Токиога йўл” бадиий фильмининг тантанали премьераси бўлиб ўтди.

Тадбир юқори савияда ва кенг жамоатчилик иштирокида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги раҳбари Шуҳрат Ризаев, таниқли кино ва спорт арбоблари, ОАВ вакиллари, мухлислар ҳамда фильм қаҳрамони — икки карра жаҳон чемпиони ва кўп карра Осиё чемпиони Баҳодир Жалолов оила аъзолари билан бирга иштирок этди.

Шунингдек, премьера меҳмонлари тадбир доирасида Ўзбекистон Кино санъати музейи фаолияти билан яқиндан танишиб, миллий кинематография тарихига оид ноёб экспонатлар ва бой мерос билан танишиб маданий ҳордиқ чиқаришди.

— Фильм оддий спорт ҳикояси эмас, — дейди режиссёр Акром Исақов. — Бу машаққатли меҳнат, синовларга тўла йўл, букилмас ирода, қатъият ҳамда буюк орзулар сари тинимсиз ҳаракат ҳақидаги илҳомлантирувчи асар, дея баралла айтишим мумкин. Фильмнинг қанчалик муваффақиятли чиққанини доимгидек томошабинларнинг муносиб баҳосидан биламиз.

Асар оғриқни енгган ирода, синмаган руҳ ва ҳеч қачон сўнмайдиган орзулар ҳақидаги юракни ларзага солувчи миллий кино ҳикоясидир. У инсонни ўз чегараларидан ошишга, ишонишга ва ҳатто энг оғир паллада ҳам таслим бўлмасликка ундайди. Бу бутун миллат юраги билан уриладиган, ҳар бир томошабинни ич-ичидан чуқур ҳаяжонга соладиган маънавий саёҳатдир.

Мазкур фильм миллий контент сифатида Ўзбекистон имижини халқаро майдонда мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, мамлакатимизда спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижаларини кенг жамоатчиликка намойиш этади.

Фильм тақдимоти ва намойишлари хорижда, жумладан Японияда ташкил этилиши, шунингдек, онлайн платформалар орқали кенг аудиторияга етказилиши режалаштирилган. Асарнинг муваффақиятли чиқишида ролларни қойилмақом тарзда ижро этган Дадахон Обидов, Саида Раметова, Боир Холмирзаев, Эркин Комилов, Жавоҳир Зокиров, Беҳзод Муҳаммадкаримов ва бир қатор хорижлик ижодкорларнинг меҳнатлари таҳсинга сазовор.

Картинада чемпионнинг ҳаётидаги бурилиш нуқталари, ринг ортидаги курашлари ва инсоний фазилатлари чуқур бадиий талқин орқали ёритилган. Ҳар бир кадр — мотивация, ҳар бир саҳна кишини ғурурлантирмай қолмайди!

“Енгилмас: Токиога йўл” — бу нафақат спорт мухлислари, балки катта мақсад сари интилаётган ҳар бир инсон учун кучли илҳом манбаи бўладиган фильм!

Улуғбек РЎЗИМАТОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер