Муаллимларни қийнаётган йўл азоби
Иллюстратив фото
Ҳадисларда илмни Чинда (Хитойда) бўлса ҳам ўрганинглар, дея зикр этилган. Билим олишни истаган инсон ўзга маконларга бориб бўлса-да, илмий салоҳиятини янада оширишга ҳаракат қилиши, бу йўлда ҳеч қандай қийинчиликлардан чекинмаслиги зарур. Аммо илм йўлидаги машаққатлар кўр-кўрона яратилган, муаммони ҳал қилиш имкони бору бунга ҳеч бир масъул бош қотирмаётган бўлса-чи? Бугунги кунда Қашқадарё вилоятидаги умумий ўрта таълим мактабларида фаолият олиб бораётган минглаб ўқитувчиларни шундай савол қийнамоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 июндаги қарори билан мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларининг раҳбар, педагог ва мутахассис кадрларининг касбий билим, кўникма ва маҳоратини мунтазам ошириб боришга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан, қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказлари негизида Педагогик маҳорат марказлари ташкил этилди.
Шунингдек, мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда мавжуд қувватларни кенгайтириш мақсадида республика бўйича 11 та педагогика коллежи бино ва иншоотлари тегишли мол-мулки билан бирга ҳудудлардаги Педагогик маҳорат марказлари тасарруфига ўтказилди. Жумладан, Шаҳрисабз педагогика коллежи бино ва иншоотлари Қашқадарё вилоят Педагогик маҳорат маркази ихтиёрига берилди.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 30 сентябрь куни таълим-тарбия соҳаси вакиллари билан мулоқотида берилган топшириққа асосан, ҳудудлардаги Педагогик маҳорат марказлари Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти андозаси асосида таъмирланиши ва жиҳозланиши белгиланди.
Шунга кўра, 2025 йилнинг июнь ойидан Қашқадарё вилоят Педагогик маҳорат марказининг Қарши шаҳрида жойлашган асосий биноси таъмирланади дея ёпилиб, марказ фаолияти Шаҳрисабз шаҳридаги ўзига янги берилган қўшимча бинога кўчирилди. Бу эса вилоятдаги минглаб ўқитувчилар учун ҳақиқий муаммони юзага келтирди. Чунки Қарши шаҳри нафақат расмий жиҳатдан, балки географик жойлашуви ва мавжуд инфратузилма борасида ҳам вилоятнинг ҳақиқий маркази ҳисобланади. Бу ерда транспорт, меҳмонхона, ижарага квартира топиш ёки шу каби бошқа соҳаларда муаммога деярли дуч келмайсиз. Вилоятнинг ҳамма ҳудудларидан марказга доимий транспорт қатнови мавжуд. Боз устига шаҳарда кўпчиликнинг фарзанди, ака-укаси ёки бошқа яқин қариндошларидан кимдир яшайди. Шу боис ҳам авваллари чекка ҳудудлардаги ўқитувчилар учун бир ой муддатга Қарши шаҳрига келиб малака ошириш курсларида иштирок этиш унчалик ҳам муаммо туғдирмаган.
Шаҳрисабз шаҳри эса вилоятнинг шарқий томондан энг чекка ҳудудида, Қарши шаҳридан қарийб 110 километр узоқликда жойлашган. Шаҳар чиройли, озода, лекин катта эмас. Боз устига сўнгги йилларда Шаҳрисабзда иккита катта олийгоҳ, бир нечта профессионал таълим муассасалари очилди. Пировардида бу ерда талаблар учун ҳам ижарага квартира топиш осон бўлмай қолди. Атиги бир ойга яқин муддат учун эса ҳеч ким уйини ижарага бергиси келмайди. Натижада вилоятнинг ғарбий, шимолий ва жанубий ҳудудлари – Миришкор, Қарши, Нишон, Касби, Косон, Муборак, Деҳқонобод туманларидан малака ошириш курсларига юборилган ўқитувчилар ҳар куни 300 — 400 километргача йўл босиб, Шаҳрисабзга қатнашга мажбур бўлмоқда. Айниқса, хотин-қиз ўқитувчилар учун муаммонинг кўлами янада катта.
– Миришкор туманиданман, – дейди бизга мурожаат қилган ўқитувчилардан бири. – Эрталаб соат тўртта туриб, аввал туман марказига, у ердан эса Қарши шаҳрига келаман. Миришкордан Қаршига қатнайдиган таксилар кўп, лекин тўғридан-тўғри Шаҳрисабзга борадиган машина йўқ. Шу боис Қаршига келгач, бу ердан яна Шаҳрисабзга борадиган машина қидирасиз. Баъзан соатлаб такси кутишингизга тўғри келади. Хуллас, 4-5 соат йўл юриб, уч-тўртта машина алмаштириб, 120-150 минг сўм атрофида пул сарфлаб, яна дарсларга кечикиб бораман. Қайтишда эса тағин шу муаммо ва яна шунча харажат. Ҳатто тушлик қилмайман, лекин фақат йўлнинг ўзига бир кунда камида 250 минг сўм сарфлайман. Бориш келишни ҳисобга олганда, 7-8 соат умрим машинада ўтади. Кечга уйга кириб боргунимга қадар ярим тун бўлади, тонг ёришмай яна йўлга чиқаман. Тўғри, бу бир ойда ўтиб кетадиган қийинчилик, лекин наҳотки Қарши шаҳрида биз муаллимлар учун малака оширадиган битта бино топилмаса?!
Қашқадарё вилоят педагогик маҳорат маркази директорининг Академик фаолияти бўйича ўринбосари Зурёд Хамраев берган маълумотга кўра, марказда ҳар ойда вилоятнинг турли ҳудудларидан келган 1200 га яқин раҳбар ва педагог ходимлар малака оширади.
– Марказимиз учун Қаршидан ижарага бино олиш ҳам мумкиндир, — дейди З. Хамраев. – Лекин бу ердаги бино ўзимизнинг балансимизда. Ҳамма шарт-шароитлар мавжуд. Ихтиёримизда шундай бино бўла туриб, яна йилига бир неча миллиардлаб пул сарфлаб ижарага бино олиш қанчалик тўғри бўлади?! Бизга маҳаллий бюджетдан ижара учун шунча пул ажратиладими?! Масаланинг шу томонлари ҳам бор.
Масъулнинг фикрлари ҳам ўринсиз эмас. Аммо маҳаллий бюджетга тушмаётган ўша зарар олис Шаҳрисабзга қатнаб малака ошираётган минглаб ўқитувчиларнинг чўнтагига тушмоқда. Шу боис кўпчилик педагоглар ўз малака ошириш навбати келгунига қадар Марказининг Қарши шаҳридаги биноси тезроқ таъмирланиб, фойдаланишга топширилишини кутаётгани бор гап. Аммо бинонинг “таъмирланади” дея ёпилганига салкам бир йил бўлган бўлса-да, ҳали у ерда кўзга ташланадиган иш бошлангани йўқ.
– Жорий йилнинг 2 март куни Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг қарори билан Қашқадарё вилоят Педагогик маҳорат марказининг таъмирлаш ишлари учун 3 миллиард сўм маблағ ажратилди, – дейди Қашқадарё вилояти “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси директорининг ўринбосари Дилшод Абдуллаев. – Айни пайтга қадар “Spektr loyiha” масъулияти чекланган жамияти томонидан бинонинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, 11 миллиард 830 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича давлат экспертиза хулосаси олинган. Айни пайтда лойиҳа комплекс экспертизага берилган. Комплекс экспертиза ҳам маъқуллаб, рухсат берса, шундан сўнг пудратчи ташкилот аниқланиб ишлар бошланади.
Бу жараён яна қанча давом этиши бизга ҳам, масъулларнинг ўзига ҳам қоронғу. Чунки лойиҳа тасдиқланиб, пудратчи ташкилот аниқланганидан сўнг ҳам яна маҳаллий бюджетдан бунга пул ажратилиши, қурилиш ишларининг чўзилиши билан боғлиқ масалалар бор. Бу балки бир йил, балки йилларни талаб этиши мумкин. Унгача муаммо давом этаверадими? Наҳотки, Шаҳрисабзга қатнаётган муаллимларнинг дардини эшитадиган, малакасини ошириш учун Қаршидан бирор бино топиб берадиган жонкуяр масъуллар бўлмаса? Биз яна мавзуга қайтамиз.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг