Пушаймонлик ёхуд гумроҳлик гирдобида

17:27 02 Апрель 2026 Жамият
316 0

Жамиятимизда баъзан оғир муҳокамаларга сабаб бўладиган қарорлар ортида инсонлар тақдири, танловлар ва кечиккан пушаймонлар ётади. 2026 йил 17 март куни қабул қилинган Амнистия ҳақидаги Президент фармони ҳам шундай юзлаб тақдирлар учун янги саҳифа очди. Навоий вилоятидан 400 нафардан зиёд маҳкумлар мазкур афв туфайли жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилиб, уларга яна бир имконият берилди. Улар орасида икки нафари эса хотин-қизлардир. Хўш, адашганларни афв этиш жамиятга фойда келтирадими?

– Йигирма тўрт ёшдаман, – дейди навоийлик Н. Азимова. – Бугун уйимга келганимга бир ҳафта бўлди. Ўз уйим, онажоним, укам ва бошқа яқинларим ёнидаман. Зангиотадаги аёллар қамоқхонасида бир ярим йил умрим ўтди. Ёшлигим, ғўрлигим, тажрибасизлигим панд берди. 21 ёшимда яқинларимнинг юзини ерга қаратадиган, келажагимни қоронғу қиладиган, умидларимни чиппакка чиқарган ишга қўл уриб қўйдим. Қош, кўзлари попукдек, тили ширин бухоролик йигит кўнглимни олди, совға-саломлар, ҳушомадлар билан йўлларимни интизор кутарди. Пинҳона учрашувларимиз “аччиқ мева“сини берди. Буни билганимда ҳомилам 3 ойлик бўлишга улгурганди. Нима қилишни билмай унга айтдим, бу хабарни эшитгач, у хорижга қочиб кетди. Турмушга чиқмаганман, маҳаллада бош кўтаролмай қолдим. Ота-онам, яқинларим маломатидан қўрқдим. Қариндошларимни қора қилиб, Туркияга йўл олдим. Бу ердагиларни даволаниш учун боряпман, деб алдадим. Сабаби, менда умуртқа қийшайиши бор эди. Шу касаллик билан 2017 йилдан бери рўйхатда тураман. Туркияга келиб суриштирсам, бу операция жуда қиммат, тушимга ҳам кирмаган суммани айтишди. Кун кўриш учун уй хизматчиси бўлиб ишлаб юравердим. Туғадиган пайтим келгач, Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлдим. Туркиядаги қариндошлар ёрдам беришни исташмади. Юртга қайтгач, муаммони ўзимча ечмоқчи бўлдим. Перенатал марказда ишлайдиган бир аёлни суриштириб топдим. Боламни васийликка бермоқчи эдим – ўша аёлнинг айтишича, улар боламни бир неча йил боқиб беришаркан. Биласиз, туғруқхонада пулсиз қийин, ўзимга ҳам, боламга ҳам қиммат укол-дорилар буюришди. Пулим эса мутлақо йўқ эди. Қаттиқ тушкунликка тушдим – бир томондан қилмишимдан уялсам, яна бир томондан муҳтожлик қийнади. Болани сўраганларга бериб юбормоқчи бўлдим. “Қоровултепа“даги балиқхонада болани қарамоғига олмоқчи бўлганлар билан учрашдим. Қўлимга пул тутқазишди. Ўз жигарбандимни сотаётганимда ушлашди. У ердан дарҳол Навбаҳор туман ички ишлар бўлимига олиб кетишди. Жиноят кодексининг 135 — моддаси 3 – қисмига биноан 3 йилу 6 ойга жазо муддати тайинланди. Кейин билсам, “одам савдоси“га қўл урган эканман. Менга хатойимни тўғрилаш, тўғри йўлга қайтиш учун имкон берилди. Ҳозирча маҳалладагилар мен учун мебель цехидан иш топишди. Маоши яхши, иш енгил. Ишчиларнинг ҳаммаси хотин-қизлардан иборат. Энди ҳеч кимга ишонмайман, айниқса, йигитларга... Атрофимдаги яхши инсонлар ҳаётга қайтишимга, тикланишимга, орзуларимни рўёбга чиқаришимга кўмак беришмоқда. Субсидия олмоқчиман, ижтимоий нафақа ёки моддий ёрдам ҳам берадиган бўлишди. Вилоят ҳокимлигидан миннатдорман.

Ҳали жуда ёшман, лекин ҳаётда кўп нарсаларни кўриб қўйгандек гапираётган бу аёл қилган ишидан ҳам пушаймонда. Аммо ҳозир унинг атрофимда дардлашадиган, эшитадиганлар бор. Афв этилганлар орасидаги барча хотин-қизларимиз ҳам Нигинахондек сидқидилдан меҳнат қилиб, ҳаётда ўз йўлини топиб кетишига умид қиламиз.

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА,

Навоий вилоят Оила ва хотин-қизлар

бошқармаси мутахассиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер