Темурийлар даврининг яширин бойлиги

15:21 02 Апрель 2026 Жамият
251 0

Тошкент яқинида жойлашган қадимги Шоҳрухия шаҳридан Темурийлар даврига мансуб кўплаб тарихий аҳамиятга эга топилмалар кашф этилмоқда. Қазишмалар Буюк Ипак йўли тарихига янги саҳифалар очиб, ҳудуднинг ЮНЕСКО Жаҳон маданий мероси рўйхатига кириши имкониятини тақдим этмоқда.

Бир замонлар Чингизхон босқинидан сўнг култепага айланган Фанокат шаҳри Амир Темурнинг бунёдкорлик салоҳияти ва давлат сиёсатининг натижаси сифатида қайта тикланди. Соҳибқироннинг машҳур сўзлари бунга ойдинлик киритади: “Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим...” Ҳар бир зафарли воқеа ва муҳим воқеликни муҳташам обидалар орқали нишонлаш соҳибқирон салтанатида одат тусига айланган.

Ҳиндистон, Шероз, Исфоҳон ва Дамашқнинг машҳур уста-ҳунармандлари мамлакатда ҳашамдор иморат ва иншоотлар қургани тарихий манбаларда қайд этилган. Амир Темур забт этган давлатлардаги Бағдод, Дарбанд ва Байлақон каби шаҳарларни қайта тиклаган. Ҳозирги кунда Тошкент вилоятининг Оққўрғон тумани ҳудудига тўғри келувчи Фанокат шаҳри ҳам ана шулар жумласидан ҳисобланади.

Сирдарёнинг ўнг қирғоғидаги бу қадимий шаҳар қарийб бир ярим аср давомида вайрон ҳолда қолган ва унинг номи ҳам унутила бошлаган эди. Бироқ Темурнинг бунёдкорлик салоҳияти билан шаҳарнинг қадди ва қадри қайта тикланди. XV асрда яшаган тарихчи Фасиҳ Аҳмад Хавофийнинг “Мужмали Фасиҳий” асарида Чингизхон томонидан вайрон қилинган Фанокат шаҳри Амир Темур фармони билан қайта тикланиб, тўртинчи ўғли шарафига “Шоҳрухия” деб номлангани қайд этилган. Шаҳар қурилиши ишлари Темурнинг набираси Мирзо Улуғбек томонидан якунига етказилган. Бунга Амир Темурнинг бунёдкорлик сиёсатидан келиб чиқиб оддий қурилишдек қараш мумкин. Чунки Темурийлар салтанатида Шоҳрухия каби қайта барпо этилган шаҳарлар оз эмас. Аммо бу шаҳарнинг тикланиши чуқур рамзий маъно ва стратегик мақсадни ифодалайди. У Амир Темурнинг нафақат янги ерларни забт этувчи саркардалигини, балки ўтмишда вайрон қилинган шаҳарларга янги ҳаёт олиб кирувчи яратувчанлик сиёсатидаги асосий намуна эканлигини кўрсатади.

Нега айнан Фанокат эди? Бу шаҳар қадимдан Буюк Ипак йўлидаги муҳим савдо чорраҳаларидан бири бўлган. Унинг қайта тикланиши минтақада савдо-сотиқни жонлантириш, янги карвон йўлларини очиш ва Темурийлар салтанатининг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилган, ҳунармандчилик, тижорат ва маданият марказига айланган.

Асрлар ўтса ҳам, Шоҳрухия ёдгорлиги тадқиқотчилар ва тарихий қизиқувчиларнинг диққатини жалб қилмоқда. Дастлабки археологик маълумотлар 1876 йилда Д. Зацепин ва Н. Пантусов томонидан берилган. 1907 йилда И. Беляев, 1913 йилда А. Кастанье Шоҳрухия тўғрисида маълумотлар тўплаган. Ёдгорлик 1925 йилда А. Семенов томонидан тузилган Марказий Осиёнинг археологик ёдгорликлари рўйхатига киритилган. ХХ асрнинг ўрталарида Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих ва археология институти ҳамда Ўзбекистон халқлари тарихи музейи ходимларидан иборат гуруҳ археолог Ю. Буряков раҳбарлигида Шоҳрухияда давомли археологик тадқиқот ишларини олиб борган. 1970–1990 йилларда воҳанинг антик ва ўрта асрлар шаҳарсозлиги масалалари тадқиқ қилинган.

– Шоҳрухияда қазишмалар ҳозирда ҳам давом этмоқда, – дейди Ижтимоий ва сиёсий фанлар институти доценти Омон Мамиров. – Қазишмаларнинг мақсади Темурийлар даври маданий қатламлари ва маҳобатли қурилиш қолдиқларини аниқлашдир. Бу ҳудуд танланиши ҳам Темурнинг бунёдкорлик фаолияти билан боғлиқ. Бугунги кунгача Шоҳрухияда жами ҳисобда 21 та қазишма ишлари олиб борилган. Ўтган йили Миллий археология маркази ва Туркиянинг Йилдирим Боязид университети билан ҳамкорликда тадқиқотлар олиб борилди. Сабаби айни ҳудуд ёзма манбаларда Темурнинг бунёдкорлик фаолияти билан боғлиқлиги эслатиб ўтилади. Ҳисор ҳудуди Темур фармонига кўра мудофаа девори билан қуршалган. Ёдгорликни узоқ йиллар тадқиқ қилган академик Ю. Буряковнинг таъкидлашича, унинг барча ҳудудларида илк ўрта аср маданий қатламлари аниқланган. Бутун қазилма ҳудудида кул, кўмир, оҳак ҳамда органик ва қурилиш қолдиқлари аралашган тупроқ қатлами кузатилган. Қатлам таркибида босма нақшлар туширилган сирланган сопол идишлар ва ҳайвон суяклари қолдиқлари ҳам топилган. Кам ҳолларда оқ фонга оч сиёҳранг, кўк рангда ўсимлик мотивида (ислимий) безаклар туширилган сирланган сопол қолдиқларининг борлиги аниқланган.

Темурийлар даври кулолчилиги анъаналарида айни ушбу кўк рангли безаш услуби характерли хусусият ҳисобланади. Форс тилидаги ёзма манбаларда, кўк рангли бўёқ ишлаб чиқаришда асосий минерал ҳисобланган лазурит Эронга “ўзбеклар юрти”дан келтирилгани қайд этилган. Айнан темурийлар даври кулоллик анъаналарида Хитой чиннисига менгзаб идиш ясаш урф бўлган. Бу давр кулоллик анъаналарини тадқиқ қилган С.Ильясованинг фикрига кўра, ушбу безакларнинг барчаси нилуфар гули тасвирининг турли шаклларидир. Мазкур қазишмалар давомида ҳимоя девори бўлмасининг шарқий теграсига яқин жойда бутун қозон ҳам аниқланган. Бўлманинг шимолий теграсига яқин жойдаги катта ўра тагидан қорахонийлар даврига оид хом ғиштдан қурилган девор борлиги ҳам маълум бўлди. Катта эҳтимол билан бу бирор қурилма бўлиши ҳам мумкин. Бўлма ичида унинг топилма ва қурилмалар бўйича қазишма ишлари Нишонбой Қулбоев томонидан олиб борилган. Унинг шимоли-ғарбий бурчагида диаметри 40х40 см бўлган ўчоқ топилган.

Қазишмалар жараёнида аниқланган меъморий қурилма ва қўлга киритилган топилмалар хусусиятига кўра, сўнгги ўрта асрлар даврига оид бўлиб, Шоҳрухия ҳудудида шаҳарсозлик ва тамаддун ривожланганини тасдиқлайди.

– Амир Темурнинг бошқарув фалсафаси давлатнинг куч-қудрати фақатгина ҳарбий ғалабалар билан эмас, балки шаҳарсозлик, ободончилик ва фаровонликни таъминлашда ўз ифодасини топади, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Оққўрғон тумани бўлинмаси раҳбари Ўғилой Ботирова. – Темурийлар даврида вайрон қилинган ерларга ҳаёт бағишлаш, чўлу биёбонлар ўрнида боғ-роғлар яратиш ва вайронаю харобазорларга янги ҳаёт нашъасини олиб кириш Амир Темур сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири бўлган. Амир Темур ўз тузукларида нақл қилганидек, кимки бизнинг қудратимизга шубҳа қилса, биз қурдирган биноларга қарасин.

Отабек ИСРОИЛОВ, «Халқ сўзи».

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер