Телефонларни IMEI рўйхатидан ўтказмасдан сотаётганлар огоҳлантирилди

14:20 02 Апрель 2026 Жамият
170 0

Иллюстратив фото

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мобил қурилмалар IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш талаблари бузилаётгани юзасидан импортчилар ва сотувчиларни огоҳлантирди.

Билдирилишича, Қўмита томонидан мобил қурилмалар IMEI кодлари тизимда рўйхатдан ўтмагани ва хариддан сўнг қайта рўйхатдан ўтказиш зарурати юзага келаётгани билан боғлиқ мурожаатлар юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар, жумладан тизим операторлари жалб этилган ҳолда ўрганиш ишлари олиб борилган.

Мазкур масала бўйича истеъмолчилар томонидан Рақобат қўмитаси ва қўмитанинг ҳудудий бошқармаларига 2025 йил давомида 147 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мазкур мурожаатларнинг 55 таси ижобий ҳал қилинган, 89 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган. Қолган 3 таси тегишлилиги бўйича ваколатли органларга юборилган.

Қонунчиликка кўра, истеъмолчига товар ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумот бериш, шунингдек, маҳсулотнинг нормал ишлашини таъминлаш мажбурий ҳисобланади. Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 778-сон қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ, мобил қурилмаларни IMEI рўйхатидан ўтказиш мажбурияти ишлаб чиқарувчи, импорт қилувчи ёки сотувчи зиммасига юклатилган.

Шунингдек, Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Қонунга мувофиқ, истеъмолчи товарни эркин танлаш ва сифатини талаб қилиш ҳуқуқига эга, сотувчи эса қўшимча хизматларни мажбуран юклай олмайди. IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш мажбурияти истеъмолчига эмас, балки импорт қилувчи ёки ишлаб чиқарувчига юклатилади. Чакана савдода эса рўйхатдан ўтказилган қурилмани тақдим этиш масъулияти сотувчи зиммасида бўлади.

«Республикамиз ҳудудида мобил қурилмаларни ишлаб чиқарувчи ёки импорт қилиб сотувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш талабларига риоя этилмаган ва истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилган тақдирда, белгиланган тартибда таъсир чоралари қўлланилади», дея эслатилади Рақобат қўмитаси хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер