Қодирийнинг меҳри тушган маҳалла
“Мен Марғилон кўчаларида юриб, карвонсарой, эски Ўрда ўринларини белгиладим. Мирзакарим қутидор, уста Олим, Ҳомид, Содиқлар уйини тахминладим ва “Хўжа Маъоз”да бир кеча тунадим...”
“Хўжа Маъоз” зиёратгоҳининг Марғилон шаҳридаги табаррук масканлигини яхши билган севимли ёзувчимиз Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар” романида ушбу қадимий гўшани тасвирларкан, “Бир неча юз йиллардан бери яшаб, фавқулодда зўрайиб кетган “Хўжа Маъоз” мозорининг чакалаги бу қоронғуликка бир манба каби эди”, деб ёзади. Адибмиз Марғилонга келган кезлари зиёратчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг бирда ёқимли, бирда қайғули хотираларини қоғозга туширади.
Бугунги кунда Марғилондаги “Ёйилма” ва унга ёндош ҳудудда жойлашган Фарғона шаҳри тасарруфидаги “Хўжамағиз” маҳалласидаги зиёратгоҳ халқ орасида Хўжамағиз, Хасти Маъоз мозори, дея аталади. Бизгача етиб келган тарихий манбаларда ушбу мозор номи Ҳазрат Маъоз Жабал, дея тилга олинади.

— Болалигимизда нуронийлардан Абдулла Қодирий ва унинг адабий қаҳрамонлари билан боғлиқ ажойиб хотираларни эшитганмиз, — дейди “Ёйилма” МФЙда истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Абдуҳошим Ибрагимов. — Шундай табаррук зотнинг изи қолган маҳаллада яшаётганимдан фахрланаман. Ҳатто Қодирий бобомиз боғдорчиликда ғоятда миришкор бўлганини эшитиб, мўъжазгина боғ ҳам яратганман. Маҳалладаги 1,5 мингдан зиёд оиланинг 80 фоизи ҳунарманд, ўзим ҳам сандиқсозликда бешинчи авлод вакилиман. Марғилонда Кумуш, Отабек, Абдулла ёки Абдуллоҳ исми ҳамон урфда.
Бир неча йиллардан буён Марғилонда яшаб ўтган маданият ва санъат соҳаси намояндалари хотиралари асосида Абдулла Қодирий юрган йўллар, маҳаллалар, зиёратгоҳлар ва у суҳбатлашган инсонлар ҳаёти қунт билан ўрганилмоқда. Бурҳониддин Марғиноний мажмуасида “Отабек ва Кумуш уйи” қад ростлаётгани ҳам бунинг тасдиғидир.
— Мамлакатимизнинг бошқа вилоятлари, қўшни республикалар ва туркий давлатлардан ташриф буюрган меҳмонлар Қодирий ва Кумуш билан боғлиқ жойларни кўрсатишимизни сўрашади, — дейди Марғилон шаҳар ҳокими Шукруллохон Нисбатхонов. — Шу сабабли “Отабек ва Кумуш уйи” туризм мажмуасига уйғун ҳолда икки-уч кунлик туризм маршрути ишлаб чиқилмоқда. Эндиликда сайёҳлар “Ўткан кунлар” асари муаллифи ва адабий қаҳрамонлари билан боғлиқ маҳаллаларни тўлиқ зиёрат қилиш имконига эга бўлади.

Бугун Ёйилма ва Хўжамағиз маҳалласини темир йўл иккига ажратиб туради. Аммо азалдан қўни-қўшни бўлиб яшайдиган маҳаллалар аҳлининг яхши-ёмон кунлари биргаликда ўтади. Хўжамағизликлар ҳам деҳқончилик миришкори, айниқса, гулчиликда уларнинг олдига тушадигани йўқ.
Абдулҳамид Мамажонов ва Манзура Абдувалиева бугун Хўжамағиздаги энг ибратли оила соҳиби. Қўшни ҳовлиларда вояга етган икки ёш “Ўткан кунлар” романи туфайли бир-бирига кўнгил қўйган. Қандай қилиб дейсизми? Манзура аянинг отаси мактабда 45 йил ўқитувчи бўлиб ишлаган. Хонадондаги мўъжазгина кутубхонада “Ўткан кунлар” асарининг илк ва асл нусхалари сақланади. Адабиётга меҳр қўйган Абдулҳамид тез-тез бу ердаги китоблардан баҳраманд бўлиб, оиланинг эркатой маликаси тимсолида ўз Кумушини топади.

— Оила қурганимизга 52 йил бўлди, — дейди Манзура ая. — Турмуш ўртоғимнинг китобга юксак ҳурмат кўрсатиши фарзанд ва набираларимизга ҳам ўтган. Ҳозирги кунда 6 нафар набираларимиз давлат гранти асосида олий таълимда ўқимоқда. Келинимиз Фарғона давлат университетида ўқитувчи.
Абдулҳамид отанинг суюкли набираси Ҳурматой Абулҳамидова пойтахтимиздаги хорижий олий таълим муассасаларининг бакалавр ва магистратура босқичларини тамомлади. Айни пайтда докторлик иши бўйича изланишда. У болаликдан бобосига машҳур олима бўлишга ваъда берган. Набирасининг бу орзусини қўллаб-қувватлаб келаётган бобоси у магистратурага кирганда контракт тўлови учун ҳеч иккиланмай миниб юрган машинасини сотиб юборган.

Марғилоннинг бу маҳаллари оддий ҳудуд эмас. Бу маҳалла — ўтмиш ва бугунни боғлаб турган қадриятлар манбаидир. Қодирий қалами билан абадийлашган муҳаббат, садоқат, ор-номус руҳи бугун ҳам бу кўчаларда сезилиб туради.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг