Фарғонада оғуфурушлар 12 йилдан 15 йилгача қамалди

12:10 02 Апрель 2026 Жамият
156 0

Фарғона вилоятида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси билан шуғулланган 5 кишига нисбатан 12 йилдан 15 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлан. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Фарғона вилоятида навбатдаги тезкор тадбир ўтказилди.

Олинган маълумотларга кўра, муқаддам наркокурьерлар томонидан катта миқдордаги гиёҳвандлик воситалари Афғонистондан контрабанда йўли билан Сурхондарё вилояти ҳудудига олиб ўтилиб, кейинроқ Ёзёвон туманидаги дала майдонига беркитиб кетилган бўлган.

Тезкор тадбир давомида Марғилон шаҳрида яшовчи, 1983 йилда туғилган хусусий тадбиркор ҳамда унинг 1989 йилда туғилган жиноий шериги мазкур хуфия жойдан 9 кг 896 гр «гашиш» моддасини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, қўлга олиш жараёнида воқеа жойидан қочишга уринган тадбиркорнинг ёнидан 14,5 минг АҚШ доллари ва 6 млн 250 минг сўм пул маблағлари ҳам олинган.

Бундан ташқари, терговга қадар текширув давомида мазкур жиноятга алоқадор бўлган Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи, 1980 йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадонидан 110 гр «опий» моддаси, 2 та электрон тарози, 1200 АҚШ доллари ҳамда 28 млн сўм олинган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида эса мазкур ноқонуний ишга 1990 ва 1995 йилларда туғилган ака-укаларнинг ҳам алоқадорлиги аниқланган.

Жиноят ишлари бўйича Боғдод туман судининг ҳукмига мувофиқ, ушбу 5 нафар судланувчи тегишлилиги бўйича Жиноят кодексининг 246, 273 ва 276-моддалари билан айбдор деб топилиб, уларга нисбатан 12 йилдан 15 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер