NASA 50 йилдан сўнг илк бор астронавтларни Ой атрофига юборди

11:33 02 Апрель 2026 Дунё
276 0

Фото: NASA

NASAʼнинг Artemis II миссияси доирасида астронавтлар Ой атрофига парвозни бошлади. Бу сўнгги 50 йилдан зиёд вақт ичида инсон иштирокида амалга оширилаётган илк ой миссияси ҳисобланади.

NASAʼнинг SLS (Space Launch System) ракета ташувчиси бугун, 2 апрелга ўтар кечаси Флорида штатидаги Кеннеди космик марказининг 39B учириш майдонидан муваффақиятли учирилди. Ракета Orion космик кемаси бортидаги тўрт нафар астронавтни Ой атрофига синов парвозига олиб чиқди.

NASA раҳбари Жаред Айзекманнинг қайд этишича, мазкур парвоз АҚШ ва космик тадқиқотларга ишонган барча инсонлар учун муҳим босқич ҳисобланади. Унинг таъкидлашича, Artemis II дастури инсониятни 50 йилдан сўнг яна Ойга қадам қўйиши ва келгусида у ерда доимий фаолият юритиш учун асос яратади. Миссия доирасида астронавтлар янги ракета ва космик кема имкониятларини синовдан ўтказади.

Тахминан 10 кун давом этадиган миссияда NASA астронавтлари Рейд Уайзмен, Виктор Гловер, Кристина Кох ҳамда Канада космик агентлиги вакили Жереми Хансен иштирок этмоқда. Бу NASAʼнинг Artemis дастуридаги биринчи инсон иштирокидаги миссия бўлиб, унинг асосий вазифаларидан бири — экипаж иштирокида ҳаётни таъминлаш тизимларини синовдан ўтказиш ва келажакда Ой ҳамда Марсга парвозлар учун замин яратишдир.

Orion кемаси космосга чиққанидан сўнг қуёш батарея панелларини очган ва қуёш энергиясини қабул қилишни бошлаган. Шу билан бирга, экипаж ва Ердаги муҳандислар парвоз тизимларини текширишга киришган. Парвоз бошланганидан 49 дақиқа ўтгач, ракетанинг юқори босқичи ишга туширилиб, Orion Ер атрофида эллиптик орбитага чиқарилган. Кейинги манёвр натижасида кема Ердан тахминан 46 минг мил узоқликдаги юқори орбитага йўналтирилади.

Шунингдек, ракета юқори босқичидан Аргентина, Германия, Жанубий Корея ва Саудия Арабистони космик ташкилотларига тегишли тўртта кичик CubeSat сунъий йўлдоши ҳам учирилади. Улар илмий тадқиқотлар ва янги технологияларни синовдан ўтказиш билан шуғулланади. Orion бир кун давомида юқори орбитада қолиб, экипаж қўлбола бошқарув имкониятларини ҳам синовдан ўтказади.

Барча тизимлар меъёрда ишласа, 2 апрель куни Orion кемаси Европа томонидан ишлаб чиқилган хизмат модули ёрдамида Ойга йўналтирилади. Бу тахминан 6 дақиқа давом этадиган манёвр бўлиб, кема Ой атрофидан айланиб, унинг тортиш кучидан фойдаланган ҳолда яна Ерга қайтиш траекториясига чиқади. 6 апрель куни режалаштирилган Ой яқинидан учиш вақтида астронавтлар Ой юзасини суратга олади ва унинг одамлар кам кузатган қисми ҳақида маълумотлар тўплайди.

Миссия муваффақиятли якунланса, астронавтлар Ерга қайтиб, Тинч океанига қўнишади. NASA Artemis дастури доирасида кейинги миссияларни янада мураккаб қилиб, Ойни чуқурроқ ўрганиш, иқтисодий имкониятларни ривожлантириш ва инсоннинг Марсга парвозини амалга ошириш учун замин яратишни режалаштирмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер