Буюк кашфиётлар кичик лабораториялардан бошланади
Сўнгги беш йил давомида 26 та йирик илмий лойиҳа амалга оширилган, 2700 дан ортиқ илмий ишлар чоп этилган ва 43 та патент олинган Ўзбекистон Республикаси фанлар академияси Умумий ва ноорганик кимё институтида «Очиқ эшиклар куни» ўтказилди.
Тадбир доирасида институт фаолияти билан яқинроқ таништириш мақсадида пресс-тур ўтказилиб, унда институт ходимлари, профессор ўқитувчилар, доктократура босқичи талабалари, соҳа мутахассислари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

«Бугун сизлар лабораториялар билан танишасиз, асбоб-ускуналарни кўрасиз ва олимлар билан мулоқот қиласиз. Бироқ бу ерда энг муҳим нарса асбоблар эмас, балки фикрлай олиш қобилиятидир. Айнан шу лабораторияларда янги материаллар, нанотехнологиялар ва экологик муаммоларга ечимлар яратилади. Зеро, буюк кашфиётлар кичик лабораториялардан бошланади», дейди ЎзР ФА Умумий ва ноорганик кимё институти директори, проф. А. Б. Ибрагимов.

Институт фаолияти ишлаб чиқариш билан узвий боғланган. Мутахассисларнинг билдиришича, мазкур даргоҳ Ўзбекистон кимё саноатининг илмий пойдеворини яратишда муҳим ўрин тутади.
Мамлакатимизда ҳавонинг ифлосланиши, хусусан, дисперс чанг заррачаларининг (ҳавода муаллақ ҳолда тарқалган, жуда майда қаттиқ заррачалар – таҳр.) ортиши долзарб экологик муаммо бўлиб, бу ҳолат аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб, нафас олиш тизими касалликларининг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Шу боис, Умумий ва ноорганик кимё институти ҳамда Полимерлар кимёси ва физикаси институти олимлари ҳамкорликда нанотселлюлоза асосида экологик тоза, қайта тикланадиган хомашёдан олинган янги турдаги гибрид аэрогель яратган. Мутахассислар фикрича, аэрогеллар асосидаги фильтрация материалларини амалиётга жорий этиш экологик барқарорликни таъминлашда муҳим истиқболли йўналишлардан бири ҳисобланади.

Қайд этиш керакки, Институт 25 та олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик қилиб, халқаро илмий лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда. Хусусан, Хитой ва Европа давлатлари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Ўзбекистон Республикаси фанлар академияси Умумий ва ноорганик кимё институтида уюштирилган ушбу тадбирлар илмий ишланмаларни жамоатчиликка таништириш ва ёшларни илм-фанга жалб этишда муҳим аҳамият касб этади.
Севинч САИДҚУЛОВА,
ЎзЖОКУ 2-босқич талабаси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг