Тошкентда суд қароридан норози фуқаро дарахтга чиқиб олди

19:20 01 Апрель 2026 Жамият
372 0

Фото: Telegram

Ижтимоий тармоқларда фуқаро ўзига оид жиноят иши бўйича чиқарилган суд қарорларидан норозилигини билдириб, Олий суд биноси ёнидаги дарахтга чиқиб олгани акс этган фото ва видеолар тарқалди. Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот эълон қилди.

Унга кўра, воқеа жорий йилнинг 30 март куни 47 ёшли фуқаро А.Ч. билан содир бўлган. Шундан сўнг фуқаро пастга туширилган ва жисмоний ҳолати текширилган. Аниқланишича, унга ҳеч қандай шикаст етмаган. Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида А.Ч. Олий суд раиси Бахтиёр Исломов томонидан қабул қилиниб, унинг шикояти тегишли тартибда ўрганиш учун расмийлаштирилган.

Маълум қилинишича, А.Ч. Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2020 йил 5 октябрдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 184-моддаси (солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) 3-қисми билан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 2-бандига асосан оқланиб, унга Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Биринчи инстанция судининг ҳукми юқори инстанция судларида кўриб чиқилиб, ўзгаришсиз қолдирилган.

Бундан ташқари, А.Ч. 2025 йил 29 ноябрь куни Олий суд раиси томонидан қабул қилиниб, унга нисбатан чиқарилган суд қарорларини ўзгартириш учун асослар етарли эмаслиги маълум қилинган.

«Фуқароларнинг суд ҳимоясидан фойдаланиш ҳуқуқи қонун билан кафолатланган бўлиб, улар Олий судга белгиланган процессуал тартибда эркин ва тўсиқсиз мурожаат қилиш имкониятига эгадир. Шу боис, мурожаат қилиш учун ноодатий ёки хавфли ҳаракатларга қўл уришнинг ҳожати йўқ», дейилади расмий баёнотда.

Таъкидланишича, Олий судга мурожаат қилиш учун «дарахтга чиқиш» каби ҳаракатлар талаб этилмайди ва бундай усуллар масалани ҳал этишга хизмат қилмайди. — Аксинча, мурожаатлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва шакллар орқали амалга оширилиши лозим, дея эслатган Азиз Абидов.

Шунингдек, фуқароларга ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, мурожаат қилишнинг қонуний механизмларидан тўғри фойдаланиш ва ўз ҳуқуқларини қонуний усуллар орқали ҳимоя қилиш тавсия этилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер