Ёшлар учун янги майдон: Тошкентда «Ёшлик баҳори» иқтидорли ижодкор ёшлар форуми ўз ишини бошлади (+фоторепортаж)

17:21 01 Апрель 2026 Жамият
395 0

Тошкент шаҳрида «Ёшлик баҳори» иқтидорли ижодкор ёшлар форуми ўз ишини бошлади. Мазкур форум илк маротаба ўтказилаётган бўлиб, шу йилнинг 1-4 апрель кунлари ҳам давом этади. Ушбу тадбирга Маданият вазирлиги томонидан юртимиздаги маданият ва санъат соҳасида таълим олаётган ва фаолият олиб бораётган 14 ёшдан 35 ёшгача бўлган 600 нафардан ортиқ иқтидорли ижодкор ёшлар жалб этилмоқда.

Мазкур форумдан кўзланган асосий мақсад, маданият ва санъат соҳасида фаолият юритаётган иқтидорли ёшларни аниқлаб, уларнинг ижодий салоҳияти янада ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорлик муҳити яратиш ҳамда ёшларни давлат миқёсидаги тадбирларга жалб этиладиган салоҳиятли кадрлар сифатида шакллантириш кўзда тутилган. Тадбир шуниси билан аҳамиятлики, унда иштирок этган ёшларда ўз соҳасига бўлган қизиқиш ва масъулият ошади, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштироки янада кучаяди ҳамда профессионал ижодкор ёшлар тармоғи шаклланади.

«Ёшлик баҳори» иқтидорли ижодкор ёшлар форуми доирасида ёшлар учун манфаатли бўлган бир қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Жумладан, Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига бағишланган қўшиқлар танлови, «Хуш кайфият» республика ёш аския ва қизиқчилар кўрик- танлови, «Ёшлик баҳори» республика ёш опера ижрочилари фестивали, «Folk party» фольклор жамоалари республика фестивали, «Ёш балет ижрочилари» республика танлови, ёш театр режиссёрлари ва актёрларининг семинар-тренинги, ёшлар ўртасида самимий дўстона муҳит яратиш, уларнинг муаммоларига ечим топиш, таклифларини қўллаб-қувватлаш мақсадида, очиқ мулоқот учрашувлари ҳам ташкил этилади.

Режалаштирилган дастурлар шу билан чекланиб қолмай, «Ёш оммавий байрамлар режиссёрларининг маҳоратини ошириш ва уларнинг фаолиятига кўмаклашиш» мавзусидаги семинар-тренинг, форум йўналишлари доирасида кўп йиллик тажрибага эга устозлар томонидан амалий машғулотлар ва маҳорат дарслари, таниқли шахслар иштирокида мотивацион сессиялар, «Янги Ўзбекистонда ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлашнинг ижтимоий-маданий омиллари» мавзусидаги илмий-амалий анжуман, «Сумалак сайли» ҳамда йакуний гала-концерт ва тақдирлаш маросими каби тадбирлар ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.

Бугун, 1 апрель куни пойтахтимиздаги «Ренессанс» кино уйида мазкур форумнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирни Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов кириш сўзи билан очиб берди.

У ўз нутқи давомида мазкур форумнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, тадбир ёш ижодкорларнинг истеъдодини юзага чиқариш, уларни қўллаб-қувватлаш ва замонавий маданий муҳитга фаол жалб этишда муҳим ўрин тутишини, шунингдек, форум нафақат тажриба алмашиш, балки янги ғоя ва ташаббусларни илгари суриш, ижодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун ҳам самарали платформа эканини таъкидлади.

Форумнинг илк кунида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани, таниқли опера ижрочиси, Ўзбекистон халқ артисти Рамиз Усмонов билан хорижда ўзбек маданиятини тарғиб қилиш юзасидан очиқ мулоқот, Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов, вайнер Акмал Мирзо билан мотивацион сессия ҳамда «Ижодкор ёшлар имижи» мавзусида семинар-тренинг ҳам ўтказилди. Мазкур тадбирларда 300 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди. Тадбирлар якунида, форумда қатнашган ёшларга «Мутолаа» ва «Ибрат фарзандлари» иловасининг 1 йиллик «Премиум» пакети совға қилинди.

Отабек САИДАҲМАДОВ, «Халқ сўзи».

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер