Навоий халқаро аэропортида TIR Park фаолияти йўлга қўйилди
Навоий халқаро аэропорти ҳудудида юк ташувчилар учун қулай шароит яратиш ҳамда логистика инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган янги TIR Park хизматининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
— Мазкур лойиҳа мамлакатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 2 февраль куни ўтказилган тақдимот йиғилиши ҳамда 9 февраль куни Республика Президентининг «Навоий халқаро аэропорти фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда, — дейди «Навоий халқаро аэропорти» МЧЖ директори Алишер Қличев. — TIR Park Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб божхона кузатуви остида ҳаракатланаётган юк автомобиллари учун куннинг кечки қисмида хавфсиз ва қулай тўхтаб дам олиш маскани сифатида хизмат қилади.
TIR Park ҳудуди бир вақтнинг ўзида 50 та юк автомобилини қабул қилиш имкониятига эга бўлиб, замонавий инфратузилма билан таъминланган.
Ҳайдовчилар учун қўшимча қулайлик яратиш мақсадида аэропорт ҳудудидаги меҳмонхона қайта таъмирланиб, арзон ва қулай тарифлар жорий этилди. Шунингдек, 24 соат фаолият юритадиган умумий овқатланиш хизмати йўлга қўйилиб, миллий ва Европа халқлари таомлари тайёрлаш тажрибасига эга ошпазлар жалб этилди.
Юқори даражадаги хавфсизликни таъминлаш мақсадида ҳудуд тўлиқ видеокузатув тизими билан жиҳозланган. Божхона ходимлари учун алоҳида дам олиш хоналари ташкил этилган бўлиб, улар сутканинг исталган пайтида хизмат кўрсатиши мумкин.
Тадбирда иштирок этганлар мазкур лойиҳа ҳудудда логистика тизимини такомиллаштириш, юк ташувчилар учун қулай шароит яратиш ҳамда транспорт инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим қадам ҳисобланишини таъкидладилар.
— Республикамиз Президенти томонидан белгиланган вазифалар ижросининг тўлиқ таъминланиши аэропортнинг глобал бозор коньюктурасига ҳозиржавоблиги ва унинг рақобатбардошлигини оширади, — деди Навоий вилоят ҳокими ўринбосари Элбек Ғаффоров. — Бундан ташқари 300дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиб, ҳудуднинг сайёҳлик жозибадорлигини ошириш ва туризм инфратизими кенгайишига замин ҳозирлайди. Бу эса ўз-ўзидан аҳоли фаровонлиги ошиши гарови ҳамдир.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг