Янги ғоя ва инновациялар учун муҳим платформа

20:45 31 Март 2026 Жамият
352 0

Тошкент шаҳри яна бир йирик илмий-технологик мулоқот платформасига мезбонлик қилмоқда. “InterContinental Tashkent” меҳмонхонасида “Space Technology Conference – Central Eurasia – 2026 (STC)” халқаро конференцияси иш бошлади.

Марказий Евроосиё ҳудудидаги космик технологиялар тармоғининг энг нуфузли анжумани айнан Ўзбекистонда ўтказилиши бежиз эмас. Бу, аввало, мамлакатнинг космик саноатни ривожлантиришдаги фаол позицияси ва юқори салоҳиятидан далолат беради.

Буюк Британиянинг “Dialogue Events” компанияси томонидан Ўзбекистон Миллий космик агентлиги кўмагида ташкил этилган анжуманда 32 давлатдан ташриф буюрган 400 нафар делегат иштирок этмоқда. Улар орасида Халқаро космик станцияга амалга оширилган AX-3 миссиясида парвоз қилган “Axiom Space” компанияси ва NASAнинг собиқ астронавти Майкл Лопес-Алегрия ҳамда Туркиянинг илк астронавти, TUA вакили Алпер Гезеравжи ҳам бор.

— Анжуман Марказий Евросиё минтақасида космик экотизимни ривожлантириш ва ҳудудни глобал космик ҳамжамият билан янада яқинлаштириш мақсадида ташкил этилган халқаро платформадир, — дейди Халқаро астронавтика федерацияси ижрочи директори, доктор Кристиан Файхтингер. — Бешинчи бор ўтказилаётган ушбу тадбир минтақa космик саноати етакчилари учун муҳим учрашув майдонига айланди. Яъни у глобал тижорат ташкилотларига минтақа давлатлари билан ҳамкорлик ўрнатиш, бизнес имкониятларини ўрганиш, инновацияларни намойиш этиш ҳамда узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун қулай имкониятдир.

Кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, “STC – 2026” амалий ҳамкорлик ва инвестициявий алоқаларни шакллантириш учун муҳим майдонга айланмоқда. Анжуманни Озарбайжон, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Ўзбекистон каби давлатларнинг миллий космик маъмуриятлари, Халқаро электралоқа иттифоқи, Халқаро астронавтика федерацияси, RCC, Осиё-Тинч океани космик ҳамкорлик ташкилоти, TÜBİTAK UZAY каби халқаро ташкилотлар қўллаб-қувватлаётгани унинг аҳамиятини янада оширмоқда.

“STC – 2026” доирасида “G2B” ва “B2B” форматидаги учрашувлар, турли мулоқот ва тажриба алмашиш тадбирлари ҳам ўтказилади.

Бир сўз билан айтганда, мазкур халқаро анжуман Марказий Евроосиёнинг глобал космик харитадаги ўрнини мустаҳкамлаш, янги ғоялар ва инновацияларни илгари суриш учун муҳим платформага айланди.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер