Исроилда терроризм учун айбдор деб топилганларга нисбатан ўлим жазоси тўғрисидаги қонун қабул қилинди

11:09 31 Март 2026 Дунё
264 0

Исроил Кнессети (парламенти) терроризм учун айбланган шахсларга нисбатан ўлим жазосини назарда тутувчи қонунни қабул қилди. Бу ҳақда «Едиот ахронот» нашри хабар бермоқда.

Қонун лойиҳаси Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир бошчилигидаги ўта ўнг қанот «Оцма Йехудит» партияси томонидан ишлаб чиқилган. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳу ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади.

Мазкур масала бўйича мунозаралар қарийб 12 соат давом этди. Учинчи ўқишда қонун учун 62 нафар депутат овоз берди, 48 нафари эса қарши чиқди.

Ҳужжатга кўра, теракт давомида қасддан одам ўлдирган террорчи ўлим жазосига ҳукм қилинади. Ҳукм дор (осиш) орқали ижро этилади ва қатл ҳукм чиқарилган кундан бошлаб 90 кун ичида амалга оширилади.

Судья қарор чиқаришда ўлим жазоси ва умрбод қамоқ жазоси ўртасида танлов қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида яшовчи ва ҳарбий судлар томонидан терроризмда айбдор деб топилганлар эса фақат ўлим жазосига ҳукм қилинади.

The Times of Israel нашрининг ёзишича, қонун амалда фақат фаластинликлар учун ўлим жазосини белгилайди, чунки унинг таъсир доирасига Исроил фуқаролари ёки резидентлари тушмайди.

Қонуннинг алоҳида банди судларга ҳар қандай шахсга, шу жумладан Исроил фуқароларига ҳам қатл жазосини тайинлашга рухсат беради, бироқ ўлим ҳукми фақат «Исроил давлати мавжудлигини инкор этиш мақсадида қасддан одам ўлдирганларга» нисбатан чиқарилиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер