“Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро

10:30 31 Март 2026 Спорт
1365 0

Фото: ЎФА

Кеча, 30 март куни FIFA Series мусобақасининг ҳал қилувчи ўйини бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Венесуэлани мағлубиятга учратди. Ўйиндан сўнг, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро матбуот анжуманида иштирок этди.

— Габонга қарши ўйинда ҳимоямиз кўплаб хатоларга йўл қўйган эди. Бугунги ўйиндаги ҳимоячиларнинг ҳаракатларига баҳо бериб ўтсангиз. Умумий икки учрашувда ҳимоя чизиғи намойиш этган ўйиндан қанчалик қониқдингиз?

“Жиддий ўйин бўлди. Рақибга имконият бермадик. Баҳсни яхши бошладик ва рақибга ҳар доим прессинг қилдик. Яккакурашларда ғалаба қозондик. Буларнинг барчаси осон бўлмади. Бугун йигитлар жуда яхши ўйин ўтказишди. Ҳимоячилар ёлғиз равишда ўйинни юта олишмайди. Шунинг учун ярим ҳимоячилар ва ҳужумчилар билан бирга тўғри ўйнаш керак. Ҳимоя жамоа сифатида жуда яхши ишладик”.

— Дастлабки 15 дақиқа ичида терма жамоамиз юқори прессингда ҳаракат қилди. Лекин кейинги вақтда эса жамоамизда қандайдир пасайиш бўлди. Мураббийлар штаби қандай ишлар олиб боряпти?

“Бу мен учун нормал ҳисобланади. Тўғри, айрим футболчиларни ўзгартиришга ҳаракат қилдик. Ўйин темпи бошқача эди. Уларга ҳам бир неча марта имконият бердик. Сабаби, биз бироз чарчаган эдик. Ўйлайманки, бизнинг жисмоний ҳолатимиз янада яхшиланади. Маҳаллий футболчиларимиз ички чемпионатда атиги 4 тагина ўйин ўтказишди. Улар ҳали мавсум ярмига ҳам етиб келмаган. Мавсум ярмига келгандан сўнг эса фарқи ўзингиз томоша қиласиз”.

— Терма жамоамиз мазкур йиғиндаги икки ўйинда жуда ҳам ҳужумкор ўтказди. Лекин майдон марказида қандайдир бўшлиқлар бўлди. Яъни Одилбек Ҳамробеков ва Отабек Шукуров бироз қийналгандек, буни биз Жаҳон чемпионати олдидан схемани ўзгартириб ҳал қиламизми ёки бошқа ечим борми?

“Ўйлашимча, футболчиларим яхши ўйин кўрсатишяпти. Ўртада агар икки ўйинчи қолдирсак, жуда ҳам қийин барча зоналарни ёпиш. Бизнинг қанот ҳимоячиларимиз ва вингерларимиз биргаликда ҳаракат қилади. Агар биз ҳам икки таянч ярим ҳимоячисининг ўзини қолдирамиз десак, бунинг иложи қолмайди. Айтганимдек, бугун икки ярим ҳимоячимиз ҳам яхши ўйин кўрсатишди”.

— МТЖ ЖЧдан олдинги йиғинни 5 май куни бошлаши кутилмоқда. Апрель ойида эса Суперлиганинг еттита тур ўйинлари ўтказилиши режалаштирилган. Жуда зич тақвимда футболчиларнинг жароҳат олиш эҳтимоли юқори бўлади. Зич тақвим эса айнан сизнинг истагингиз ва режангиз туфайли тузилди. Ушбу жиҳат сизни қанчалик хавотирга солмоқда? Масалан, сўнгги Осиё Кубогидан олдин кўплаб етакчи футболчиларимиз жароҳат олиб, мусобақада иштирок эта олмаганди...

“Бу нормал ҳолат. Чемпионат бошланганида жароҳатланган футболчилар бўлиши одатий ҳол. Биз майда йиғиламиз. Икки ҳафталик йиғин ўтказиб, иккита назорат ўйини ўтказамиз. Легионер футболчилар ҳам йиғилгандан сўнг яна бир ҳафта давомида машғулот олиб борамиз. Шу ҳафта давомида яна бир назорат ўйинини ташкил этамиз. Кейин эса Канадага учиб кетамиз — ўртоқлик ўйинларида иштирок этиш учун. Ушбу вақт давомида барчасини назорат қилишга ҳаракат қиламан.

Ўйинчиларнинг ҳолатини яхшилашга интиламиз. Жароҳатлар жуда катта фактор. Шу сабабли тиббий штабни яхшиладик. Жисмоний ҳолатимизни кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратяпмиз. Жароҳатлар сонини максимал даражада камайтиришни хоҳлаймиз. Футболчилар юқори темпда ўйнай олишига ёрдам беришни мақсад қилганмиз. Агар тўғри овқатланиб, тўғри машғулот олиб борса, тўғри ухласа футболчининг фаолияти ўн йил эмас, ўн беш йил давом этиши мумкин. Фарқ мана шундай ҳолатларда сезилади.

Футболчиларга нисбатан қабул қилаётган қарорларим, уларнинг соғлиғига берилаётган ортиқча эътибор баъзи инсонларга ғалати туюлаётгандир. Бироқ мен футболчилар ҳақида ўйлаяпман ва улар узоқ йиллар давомида футбол ўйнашини кўзлаганман. Барчага раҳмат, кўришгунча”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер