«Сохта тетикликнинг ҳақиқий ҳалокати»: энергетик ичимликларнинг секин, аммо муқаррар йиқитиш жараёни ҳақида

20:39 29 Март 2026 Жамият
668 0

Бугунги кунга келиб, ёшлар орасида энергетик ичимликлар истеъмоли ортиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Транспорт бекатларида, боғларда, иш ва ўқиш ҳудудларида айнан шундай «ялтироқ банка» кўтарган ёшларни тез-тез учратиш мумкин. Улар учун бу ичимликлар тезда тетиклашиш, чарчоқни енгиш ва диққатни жамлашнинг осон йўли сифатида қабул қилинаётгани ҳам бор гап. Реклама ва ижтимоий муҳит ҳам бу маҳсулотларни замонавий ҳаёт тарзи, фаол ва серғайрат инсон образининг ажралмас қисми сифатида кўрсатиб келмоқда.

«Тезкор энергия» ҳиссини берувчи ушбу маҳсулотлар аслида инсон танасининг табиий жараёнларига қандай таъсир кўрсатиши бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан биридир. Мазкур мақолада энергетик ичимликларнинг таркиби, уларнинг организмга таъсири ҳамда узоқ муддатли истеъмол билан боғлиқ эҳтимолий оқибатларига тўхталиб ўтамиз.

Маълумки, табиий энергия олиш учун тўғри овқатланиш, 8 соатлик уйқу ва жисмоний фаоллик зарур бўлади. Энергетик ичимликлар эса 10 дақиқада дофамин ва адреналинни кескин кўтариб, мияга «сохта ғалаба» сигналини беради. Истеъмолчи ҳис қилаётган ўша «куч» бу ташқаридан келган энергия эмас, балки ички аъзоларимизнинг зўриқиб, сақлаб қўйилган захира энергияси сарфлашидир.

«Кимёвий қувват» таркибидаги ингредиентлар

Энергетик ичимлик банкасини очганингизда, сиз шунчаки ширин газланган сувни эмас, балки организмингизнинг ички лабораториясини остин-устун қилиб юборувчи «кимёвий хавф»ни ишга туширасиз. Бу лабораториянинг асосий элементлари кофеин, таурин ва шакар алоҳида олинганда унчалик қўрқинчли туюлмаслиги мумкин, бироқ уларнинг бир нуқтада жамланиши ҳақиқий «молекуляр бўрон»ни келтириб чиқаради.

Ушбу «сеҳрли» аралашманинг биринчи ва энг асосий зарба берувчи кучи бу кофеиннинг отнинг дозасига тенг миқдоридир. Бир банка шундай ичимликда 2-3 финжон аччиқ қаҳва миқдоридаги кофеин бўлади. Фарқи шундаки, энергетик таркибидаги кофеин қон томирларига бир лаҳзада ёпирилиб киради. Бу эса юракни худди марафонда югураётган спортчидек уришга мажбур қилади. Юрак мушаклари бундай асоссиз зўриқишдан чарчайди, қон томирлари эса доимий босим остида ўз эластиклигини йўқота бошлайди.

Бир банка энергетикда ўртача 10-12 чой қошиқ шакар мавжуд бўлади. Инсон оддий чойга ушбу ҳажмдаги шакарни аралаштириб истеъмол қила олмайди. Бу миқдордаги шакар қонга тушиши билан меъда ости бези «фавқулодда ҳолат» режимига ўтади ва катта миқдорда инсулин ишлаб чиқара бошлайди. Бу жараённинг мунтазам такрорланиши нафақат ортиқча вазнга, балки ҳужайраларнинг инсулинга бўлган сезгирлигини ўлдириб, қандли диабетнинг шаклланишига замин яратади.

Аралашмадаги таурин ва B гуруҳ витаминларининг ўта юқори дозаси эса асаб тизимини «шок» ҳолатига туширади. Гарчи бу моддалар организм учун фойдали деб таърифлансада, уларнинг энергетикдаги концентрацияси табиий меъёрдан ўнлаб марта кўпдир. Бу худди хонани ёритиш учун битта лампочка ўрнига прожектор ёқишдек гап. Ёруғлик кўп, лекин кўзлар қамашиб, асаблар қақшаб кетади. Натижада, мия ҳаддан ташқари қўзғалиш ҳолатига келади, бу эса вақт ўтиши билан асабийлик, қўлларнинг қалтираши ва сурункали уйқусизликка сабаб бўлади.

Энг ёмони, бу моддалар бир-бирининг салбий таъсирини кучайтиради. Кофеин юракни уришга мажбурласа, таурин бу жараённи янада агрессивлаштиради. Шакар эса бутун тизимни «ёниб кетиш» даражасига олиб келади. Истеъмолчи «қувват оляпман» деб ўйлаган лаҳзаларда, аслида ички аъзоларимиз бу кимёвий ҳужумдан омон қолиш учун курашаётган бўлади.

Юрак-қон томир тизимида сунъий босим ва ритм бузилиши

Энергетик ичимликларнинг юрак-қон томир тизимига таъсири таҳлил қилганда, кўпчилик буни шунчаки вақтинчалик «юрак тез уриши» деб ўйлайди, бироқ жараён тиббий жиҳатдан анча мураккаб ва хавфли механизмларни ўз ичига олади. Юрак бу шунчаки қон ҳайдайдиган насос эмас, у ўзининг нозик созланган электр тизимига эга бўлган жонли механизмдир. Ҳар бир уриш маълум бир вақт оралиғида содир бўладиган электр импульси бўлиб, тиббиётда бу жараённинг энг муҳим кўрсаткичларидан бири «QT interval» деб аталади.

Бу интервал юрак қоринчаларининг қисқариши ва кейинги уриш учун қайта қувватланиши орасидаги вақт оралиғидир. Энергетик ичимлик таркибидаги юқори дозали кофеин ва таурин аралашмаси мана шу нозик мувозанатга тўғридан-тўғри зарба беради. «American Heart Association» тадқиқотларига кўра, ушбу ичимликлар «QT interval»нинг асоссиз равишда узайишига сабаб бўлади. Бу шуни англатадики, юрак мушаклари ҳали тўлиқ дам олиб, ўзига келиб улгурмасидан, навбатдаги кучли электр импульси берилади. Натижада юрак ритми чалкашиб кетади ва бу ҳолат тиббиётда «Аритмия» деб аталувчи жиддий бузилишга, оғир ҳолатларда эса юракнинг тўсатдан тўхтаб қолишига олиб келиши мумкин.

Бундан ташқари, энергетик истеъмол қилинганидан сўнг 30-60 дақиқа ичида организмдаги стресс учун жавоб берувчи симпатик асаб тизими «жанговар ҳолат»га ўтади. Бу жараён икки томонлама зарба билан кечади. Биринчидан, юрак уриш тезлиги дақиқасига 100 тадан ошиб кетади (тахикардия), Иккинчидан, қон томирлари торайиб, қон босими кескин кўтарилади.

Тасаввур қилинг, сиз тинчгина курсида ўтирган бўлсангиз ҳам, юрагингиз гўёки оғир юк билан тик тепаликка югураётгандек зўриқиб ишлайди. Бундай сунъий зўриқиш юрак мушакларини муддатидан аввал «ейилишига» ва чарчашига сабаб бўлади. Энг хавфлиси шундаки, тадқиқотлари ушбу ўзгаришлар ҳатто мутлақо соғлом ёшларда ҳам биргина банка ичимликдан сўнг кузатилишини ва таъсири бир неча соат давом этишини исботлаган.

Асаб тизими: аденозин блокадаси ва нейронал толиқиш

Энергетик ичимликларнинг асаб тизимига таъсирини таҳлил қилар эканмиз, биз кўпинча «мия уйғониши» ҳақида гапирамиз, бироқ аслида бу жараён тиббий жиҳатдан мияни алдаш ва нейронларни чарчатиш механизмидир. Инсон мияси кун давомида ишлаган сари унда махсус модда «аденозин» тўпланиб боради. Аденозин бу тананинг табиий «уйқу дори»си бўлиб, у миядаги рецепторларга бирикканда, бизга чарчоқ сигналини беради ва дам олиш вақти келганини билдиради. Бу тизим организмни ўта зўриқишдан ҳимоя қилувчи энг мукаммал хавфсизлик тизимидир.

Энергетик ичимлик таркибидаги юқори дозали кофеин эса мияга кириши билан мана шу аденозин рецепторларини «ўғирлаб» қўяди. Кофеин молекулалари аденозин ўрнига рецепторларга ёпишиб олади ва мияга борадиган «мен чарчадим» деган сигнални тўсиб қўяди. Натижада, мия чарчаганини англамайди ва ўзини сохта тетиклик ҳолатида ҳис қилади. Мия дам олиш ўрнига ўзининг охирги нейронал қувватини сарфлашда давом этади, бу эса асаб ҳужайраларининг ўта толиқишига олиб келади.

«World Health Organization» ҳисоботларида таъкидланишича, бу каби сунъий қўзғалишнинг оқибатлари жуда оғир кечади. Ичимликнинг таъсири тугаши билан блокланган аденозин молекулалари бир вақтнинг ўзида рецепторларга ёпирилади ва инсон кутилмаган, кескин чарчоқ «зарбаси»ни қабул қилади. Бу жараён организмда кучли тушкунлик, асабийлик ва диққатни жамлай олмаслик каби нейро-психологик бузилишларни келтириб чиқаради. Доимий равишда мияни бундай алдаш усули билан ишлашга мажбурлаш вақт ўтиши билан сурункали уйқусизликка ва асаб тизимининг табиий қайта тикланиш қобилияти йўқолишига сабаб бўлади.

Инсулин қаршилиги ва гормонал зўриқиш

Энергетик ичимликларнинг организмга берадиган навбатдаги зарбаси бу ички модда алмашинуви тизимининг издан чиқишидир. Биз кўпинча энергетикни шунчаки «ширин ичимлик» деб қабул қиламиз, бироқ унинг таркибидаги улкан миқдордаги шакар ва кимёвий қўшимчалар танамизнинг асосий гормонал мувозанатига ҳақиқий «метаболик зарба» беради. «Journal of the American Medical Association» тадқиқотлари шуни тасдиқлайдики, энергетик ичимликларни мунтазам истеъмол қилиш ҳужайраларнинг инсулинга бўлган сезгирлигини ўлдиради. Натижада тана қандни қайта ишлай олмайдиган ҳолатга келади, бу эса 2-тур қандли диабет касаллигига борадиган энг қисқа ва тўғридан-тўғри йўлдир.

Метаболик инқироз фақат шакар билан чекланиб қолмайди. У бутун гормонал тизимни зўриқтиради. Энергетик ичилган заҳоти буйрак усти безлари стресс гормонлари бўлмиш адреналин ва кортизолни ҳаддан ташқари кўп миқдорда ишлаб чиқара бошлайди. Тиббий жиҳатдан бу ҳолат организмнинг «фалокат» ёки «жанг» ҳолатига берадиган жавоб реакциясидир. Муаммо шундаки, танамиз доимий равишда бундай гормонал «ҳужум» остида яшашга мослашмаган. Кортизол миқдорининг сунъий равишда баланд бўлиши иммунитет тизимини фалаж қилади, организмнинг табиий ҳимоя қобилиятини сусайтиради ва инсонни ҳар қандай инфекцияга қарши ҳимоясиз қолдиради.

Кимёвий қарамликни қандай енгиш мумкин?

Энергетик ичимликларни мунтазам истеъмол қиладиган инсонлар учун улардан воз кечиш шунчаки одатни тарк этиш эмас, балки организмдаги жиддий нейрокимёвий боғлиқликни узиш демакдир. Агар сиз бу «кимёвий қамчи»дан қутулишга қарор қилган бўлсангиз, буни қуйидаги илмий асосланган босқичлар орқали амалга оширишингиз тавсия этилади:

Дозани аста-секин камайтириш. «Зина» усули кофеин қарамлигини бирданига тўхтатиш мияда кучли гормонал «шок» ҳосил қилади. «Johns Hopkins Medicine» тадқиқотларига кўра, кофеинни кескин ташлаш «абстиненция синдроми»га, яъни кучли бош оғриғи, тажовузкорлик ва ланжликка олиб келади. Бунинг олдини олиш учун «зина» усулидан фойдаланиш керак бўлади. Масалан, агар кунига икки банка ичсангиз, бир ҳафта давомида уни биттага туширинг, кейинги ҳафта эса фақат кунора ичишга ўтинг. Бу усул миянгиздаги аденозин рецепторларининг секин-аста, оғриқсиз ўз ҳолига қайтишига имкон беради.

Сув ва минерал балансини тиклаш. Энергетиклар пешоб ҳайдовчи хусусиятга эга бўлиб, танани сувсизлантиради ва ҳаётий муҳим минералларни ювиб юборади. Кўпинча биз ҳис қиладиган чарчоқнинг 70 фоиз сабаби айнан мана шу сувсизланишдир. Шунинг учун энергетик ўрнига таркибида магний ва калий бўлган минерал сувлар ичишни бошлаш зарур. Магний асаб тизимини тинчлантиради ва ичимликни ташлаш жараёнидаги «асабийлик»ни сезиларли даражада пасайтиради.

Мияни табиий дофамин билан рағбатлантириш. Мия энергетикни «тезкор мукофот» сифатида кўришга ўрганади. Бу занжирни узиш учун сизга табиий дофамин керак бўлади. Энергетик ичгингиз келган лаҳзада 5-10 дақиқа тез юриш ёки оддий жисмоний машқларни бажариш тавсия этилади. «Harvard Health» тадқиқотларига кўра, жисмоний фаоллик қон айланишини яхшилаб, мияга табиий кислород етказиб беради. Бу эса кофеин берадиган сохта тетикликдан кўра узоқроқ ва хавфсизроқ давом этади.

Витаминлар ва уйқу циклини қайта тиклаш. Энергетиклардаги витаминлар сунъий ва ўта юқори дозада бўлади. Улардан воз кечишда шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда табиий B-витаминлари комплексига ёки ушбу витаминларга бой маҳсулотларга ўтиш асаб тизимини тикланишига ёрдам беради. Энг муҳими танангизга узоқ вақтли уйқу учун имконият беринг. Энергетикни ташлашнинг илк кунларидаги кучли уйқучанлик миянгиз кофеин блоклаган «чиқиндилардан» тозаланаётганидан далолат берувчи ижобий белгидир.

Тиббиёт мутахассисларининг таъкидлашича, энергетик ичимликлар сизни бир лаҳзада йиқитмаслиги мумкин, бироқ улар танангизни ич-ичидан, аста-секинлик билан емириб боради. Бугун олинган сохта тетикликнинг бадали эртага сурункали касалликлар, чарчоқ ва соғлиқнинг бой берилиши билан тўланиши мумкин. Табиий уйқу, тўғри овқатланиш ва ўз вақтида дам олиш — бу ҳеч қандай пулга сотиб олиб бўлмайдиган, лекин бизни ҳақиқатдан ҳам кучли қиладиган ягона манбалардир.

Эъзозбек Ҳамидов тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер