1 апрелдан кўчмас мулк ва автомобиль савдосида янги тартибга ўтилади
Ўзбекистонда 2026 йилнинг 1 апрелидан бошлаб кўчмас мулк ва транспорт воситаларини сотиб олишда ҳисоб-китобларнинг янги эскроу тизими жорий этилади.
Президентнинг 2025 йил 10 декабрдаги фармонига мувофиқ, эндиликда ушбу турдаги йирик битимлар фақат нақд пульсиз шаклда, банклар иштирокида амалга оширилади.
Янги тартиб кимларга дахлдор?
Янги механизм барча турдаги кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган М,Н, О ва Г тоифасидаги транспорт воситалари ҳамда махсус автотранспорт воситалари объектларининг олди-сотдисига нисбатан қўлланилиши белгиланган.
Маълумот учун, мазкур тартиб уй-жой қурилишига улуш киритиш асосида расмийлаштириладиган битимларга татбиқ этилмайди, чунки улар алоҳида қонунчилик билан тартибга солинади.
Эскроу механизми нима ва у қандай ишлайди?
Эскроу ҳисобварағи харидор ва сотувчи ўртасидаги «хавфсиз ҳамён» вазифасини ўтайди.
Жараён қуйидагича кечади:
- Маблағни музлатиш. Харидор банкда махсус эскроу-ҳисобварақ очиб, унга келишилган суммани киритади.
- Тасдиқлаш. Нотариус банк тизими орқали маблағнинг ҳисобга тушганини текширади ва шундан кейингина битимни имзолайди.
- Пулни ўтказиш. Битим тасдиқлангач, банк маблағни автоматик равишда сотувчининг ҳисобига ўтказиб беради.
- Қайтариш. Агар битим бирон сабабга кўра амалга ошмаса, пул харидорга тўлиқлигича қайтарилади.
Хизмат ҳақи ва қулайликлар
Жамоатчиликни қизиқтирган комиссия тўловлари бўйича аниқ лимитлар белгиланган.
Жумладан:
- Кўчмас мулк учун БҲМнинг 50 фоизигача (тахминан 206 минг сўм);
- Автомобиль учун БҲМнинг 25 фоизигача (тахминан 103 минг сўм).
Маълум қилинишича, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида 1 100 дан ортиқ нотариуслар банк тизимига интеграция қилинган.
Эъзозбек Ҳамидов тайёрлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг