Берлинда Наврўз: Янги Ўзбекистон маданиятининг жаҳон саҳнасидаги муносиб тақдимоти

22:32 28 Март 2026 Маданият
665 0

Humboldt Forumда Наврўз байрамининг кенг кўламда нишонланиши Ўзбекистон маданиятининг халқаро майдондаги нуфузи ва жозибасини яна бир бор намоён этди. Мазкур тадбир Германия пойтахти Берлин тарихида илк бор бундай юқори даражада ва кенг қамровда ташкил этилган Наврўз байрами йирик маданий лойиҳалардан бири сифатида эътироф этилмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон маданиятини ва санъатини Берлинда рўйхатдан ўтган Sanʼat-Forum für Kunst, Kultur und Wissenschaft e.V. жамияти орқали юқори даражада тақдим этди. Мазкур жамият хорижда юртимизни миллий маданиятни тарғиб этиш, халқаро маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантиришга хизмат қилаётган нуфузли платформа ҳисобланади.

Жамият ўз фаолиятида Ўзбекистоннинг бой маданий меросини асраб-авайлаш ва жаҳонга танитиш, маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш, хориждаги ўзбекистонлик ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, халқаро маданий лойиҳалар ва фестивалларни амалга ошириш, илм ва таълим соҳасида ҳамкорликни кучайтириш каби устувор йўналишларни қамраб олган.

Юксак даражадаги ташкилотчилик ва стратегик ёндашув

Тадбир ташаббускори, жамият асосчиси, фестиваль ҳам-куратори ва ўзбек томони дастури муаллифи санъатшунос Зуҳра Раҳматова томонидан ишлаб чиқилган концепция Ўзбекистон маданиятини чуқур, мазмунли ва замонавий ёндашув асосида намоён этиш имконини берди.

«Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади — Ўзбекистон маданиятини муносиб тарзда намоён этиш ва мамлакатимиз ҳақида тўғри тасаввурни шакллантириш эди. Амалий жараёнда шуни англадикки, замонавий Ўзбекистон ҳаёти ва маданияти ҳақида тўлиқ маълумот ҳар доим ҳам мавжуд эмас. Шунинг учун биз Янги Ўзбекистонни — ўз анъаналарини асраб қолган, бир вақтнинг ўзида тинч, барқарор, хавфсиз ва очиқ давлат сифатида кўрсатишни мақсад қилдик. Бизнинг маданиятимиз — бу тирик маданият. У авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, бугунги кунда ҳам яшаб турган ва жамият ҳаётида муҳим ўрин тутаётган қадриятлар мажмуасидир», — дейди Зуҳра Раҳматова.

Янги Ўзбекистон учун катта ютуқ

Дастлаб карнай ва сурнай садолари остида байрамнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Миллий рақслар ва халқ қўшиқлари, Ўзбекистон давлат филармонияси созандалари ва хонанда Дильфуза Қобилова иштирокида жонли мусиқий дастур тақдим этилди. Машҳур “Баҳор” ансамблининг раққосаси Малика Ҳайдарова томонидан ўзбек рақслари бўйича маҳорат дарслари ўтказилди. Болалар ва оилалар учун варрак ясаш, жамалак соч ўриш ва гулчамбар тайёрлаш каби амалий машғулотлар ташкил этилди. Миллий таомлар, жумладан палов ва сомса, ҳунармандчилик буюмлари, кашталар ва безаклар билан бойитилган арт-бозор эса тадбирга ўзига хос миллий муҳит бахш этди.

Барча иштирокчилар миллий либосларда қатнашиб, Humboldt Forum ҳудудида ҳақиқий ўзбекона байрам, баҳорий кайфият яратилди.

Тадбир юксак савияда ташкил этилгани турли миллат вакиллари томонидан алоҳида эътироф этилди. Немислар, турклар, озарбайжонлар, украинлар, афғонлар ва бошқа халқлар вакиллари ушбу байрамдан катта таассурот олганликларини билдирдилар.

Айниқса, карнай ва сурнай садолари остидаги очилиш маросими меҳмонларда кучли эмоционал таассурот қолдириб, тадбирнинг ўзига хос рамзига айланди. Тадбир кунида Humboldt Forumга 9000 нафардан ортиқ ташриф буюрувчилар келгани қайд этилди. Бу кўрсаткич мазкур маскан тарихидаги энг юқори натижалардан бири сифатида баҳоланмоқда.

«Бизнинг энг асосий вазифаларимиздан — ҳар бир меҳмон ушбу тадбирдан яхши кайфият, меҳр ва қувонч билан қайтиши эди. Биз буни меҳмонларнинг муносабати ва самимий фикрларида яққол кўрдик. Бу — нафақат жамиятимиз, балки бутун Ўзбекистон учун катта ютуқ. Бу орқали мамлакатимиз ҳақида ижобий тасаввур шаклланади», — дейди Зуҳра Раҳматова.

Берлинда ўтказилган мазкур Наврўз тадбири Ўзбекистон маданиятининг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлаб, мамлакатимизнинг замонавий, тинч ва барқарор давлат сифатидаги имижини кенг тарғиб этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер