Аргентина ва Испаниядан ғалаба, Англиядан дуранг

11:50 28 Март 2026 Спорт
262 0

Кеча, 27 март куни FIFA кунлари доирасида жаҳоннинг бир қатор етакчи терма жамоалари ўртоқлик ўйинларида иштирок этди.

Жаҳон чемпионатининг амалдаги ғолиби Аргентина терма жамоаси ўз майдонида Мавритания терма жамоаси билан куч синашди. Буэнос-Айрес шаҳрида жойлашган “Альберто Хосе Армандо“ стадионида бўлиб ўтган баҳсда аргентиналиклар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Учрашувда ҳисоб 17-дақиқада “Челси“ футболчиси Энсо Фернандес томонидан очилди. 32-дақиқада “Комо“ жамоаси футболчиси Нико Пас ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Биринчи бўлим шу ҳисоб билан якунланди.

Иккинчи бўлимда статистик жиҳатдан устунлик Мавритания терма жамоасига ўтиб кетди. 90+4-дақиқада Жордан Лефорт ҳисобни қисқартирди. Учрашув 2:1 ҳисобида якунланди.

Аргентина терма жамоаси лидери Лионель Месси иккинчи таймда Нико Пас ўрнига захирадан ўйинга қўшилди. Унинг ҳаракатлари “Sofascore” портали томонидан 7 баллга баҳоланди.

2026 йилги мундиалнинг асосий фаворитларидан бири сифатида баҳоланаётган Испания терма жамоаси Вильярреал шаҳрида жойлашган “Эстадио де ла Серамика“ стадионида Сербия билан куч синашди ва 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. 

Учрашувда ҳисоб 16-дақиқада “Реал Сосьедад“ аъзоси Микель Оярсабаль томонидан очилди. 43-дақиқада Оярсабальнинг ўзи ҳисобни 2:0 қилди.

Иккинчи бўлимнинг 72-дақиқасида “Осасуна“ жамоасининг 22 ёшли футболчиси Виктор Муньос учинчи голни киритди. Шу тариқа ўйин испанларнинг йирик ғалабаси билан якунланди.

Германия терма жамоаси эса Базель шаҳрида жойлашган “Сент-Якоб Парк“ стадионида мезбон Швейцария билан куч синашди. Уchrашув 4:3 ҳисобида немисларнинг ғалабаси билан якунланди.

Голларга Флориан Вирц (2 та), Серж Гнабри ва Йонатан Та муаллифлик қилди. Швейцариянинг жавоб голлари эса Жоэль Монтеиро, Бреэль Эмболо ва Дан Ндойе ҳисобига ёзилди.

Нидерландия терма жамоаси Амстердамда жойлашган “Йохан Кройф“ стадионида Норвегияни 2:1 ҳисобида мағлуб этди.

Ҳисоб 24-дақиқада Андреас Шелдеруп томонидан очилди. 35-дақиқада Виржил ван Дейк ҳисобни тенглаштирди. 51-дақиқада эса Тейяни Рейндерс ғалаба голини киритди.

Лондон шаҳрида жойлашган “Уэмбли“ стадионида Англия ва Уругвай ўртасидаги баҳс 1:1 ҳисобида дуранг билан якунланди.

81-дақиқада Бен Уайт англияликларни олдинга олиб чиққан бўлса, 90+4-дақиқада Федерико Вальверде пенальтидан ҳисобни тенглаштирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер