Жеффри Эпштейннинг қурбонлари маълумотлар ошкор этилгани сабабли АҚШ Адлия вазирлигини судга берди

11:17 28 Март 2026 Дунё
611 0

Молиячи Жеффри Эпштейннинг бир гуруҳ қурбонлари АҚШ Адлия вазирлиги ва Google компаниясига қарши жамоавий даъво қўзғатди, деб хабар бермоқда NBC News.

Даъво аризасида қайд этилишича, Эпштейн иши бўйича файлларни эълон қилишда ҳукумат онгли равишда жабрланувчиларнинг шахсий ҳаётини ҳимоя қилишдан кўра, маълумотларни тез ва кенг миқёсда ошкор этишга устуворлик берган. Натижада, Адлия вазирлиги молиячининг юзга яқин қурбонлари шахсини очиқлаб, уларнинг шахсий маълумотларини бутун дунёга маълум қилган.

Гарчи кейинчалик ҳукумат оммавий файллардан шахсий маълумотларни ўчириб ташлаган бўлса-да, даъвогарларнинг таъкидлашича, Google каби онлайн ресурслар жабрланувчиларнинг ўчириш ҳақидаги илтимосларини эътиборсиз қолдириб, уларни қайта эълон қилишда давом этмоқда. Жабрланувчиларнинг шахсий маълумотлари ҳалигача қидирув натижаларида ва сунъий интеллект томонидан яратилган контентларда кўринмоқда.

— Қурбонлар энди янги руҳий жароҳатларга (травма) дуч келишмоқда. Нотаниш кимсалар уларга қўнғироқ қилмоқда, электрон почта орқали хат ёзиб, жисмоний хавфсизлигига таҳдид солмоқда ва уларни аслида жабрланувчи бўлишса-да, Эпштейн билан тил бириктирганликда айбламоқда, — деб ёзади NBC News.

Жабрланганлар Адлия вазирлигидан ҳар бир киши учун энг кам миқдорда — 1 минг доллар товон пули, Google компаниясидан эса жазолаш ва келгусида бундай ҳолатларни олдини олиш учун етарли миқдорда жарима санкцияларини талаб қилишмоқда. Шунингдек, даъвогарлар суддан Google зиммасига уларнинг шахсий маълумотларини зудлик билан ва бутунлай ўчириб ташлаш мажбуриятини юклашни сўраган.

Маълумот учун: Жеффри Эпштейн 2019 йил июль ойида қўлга олинган эди. Ўшанда прокуратура у 2002–2005 йилларда Манхэттендаги уйига ўнлаб вояга етмаган қизларнинг ташрифини ташкил қилгани ҳақида далиллар борлигини билдирган. Эпштейннинг дўстлари ва танишлари даврасига нафақат АҚШ, балки кўплаб бошқа давлатларнинг амалдаги ва истеъфодаги расмий шахслари, жумладан, собиқ давлат раҳбарлари, йирик тадбиркорлар ва шоу-бизнес юлдузлари кирган. 2019 йил 10 августда молиячининг қамоқхона камерасида ўз жонига қасд қилишидан сўнг, унга нисбатан жиноий таъқиб тўхтатилган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер