Эрондаги қизлар мактабига қилинган ҳужумда АI айбланмоқда. Асл ҳақиқат эса бундан ҳам ташвишлироқ

17:48 27 Март 2026 Дунё
422 0

АҚШ кучлари 2026 йил 28 февраль куни Эрон жанубидаги Минаб шаҳрида жойлашган қизлар мактабига зарба берди. Ҳужум дарс жараёнида, камида икки марта амалга оширилган. Оқибатда 175–180 нафар инсон ҳалок бўлган бўлиб, уларнинг аксарияти 7–12 ёшли қизлар бўлган.

Ҳодисадан сўнг оммавий ахборот воситаларида нишонни танлашда «Anthropic» компанияси ишлаб чиққан «Claude» чатботи иштирок этган-этмагани муҳокама қилинди. Бироқ маълум бўлишича, нишонларни аниқлаш жараёни «Claude» эмас, балки «Maven» номли ҳарбий таҳлил тизими орқали амалга оширилган. Мазкур платформа сунъий интеллект ёрдамида спутник тасвирлари, сенсорлар ва разведка маълумотларини бирлаштириб, нишонларни аниқлаш ва зарба бериш қарорларини тезлаштиришга хизмат қилади.

CНН маълумотларига кўра, зарба берилган бино АҚШ Мудофаа разведкаси агентлиги базасида ҳарбий объект сифатида қайд этилган. Бироқ бу маълумот янгиланмаган: бино 2016 йилдан кечикмай ҳарбий ҳудуддан ажратилиб, мактабга айлантирилган. Мутахассисларнинг фикрича, фожиага сунъий интеллект эмас, балки эскирган маълумотлар базаси ва қарор қабул қилиш жараёнининг ортиқча тезлаштирилгани сабаб бўлган.

«Maven» тизими аввал минглаб таҳлилчилар томонидан бажарилган вазифаларни анча кам сонли мутахассислар ёрдамида амалга ошириш имконини берган. Масалан, 2003 йилги Ироқ урушида нишонларни аниқлаш жараёнида тахминан 2000 киши иштирок этган бўлса, «Scarlet Dragon» ҳарбий машқлари давомида шу ҳажмдаги ишни «Maven» орқали 20 нафар ҳарбий бажарган. 2024 йилга келиб тизим соатига 1000 та нишон бўйича қарор қабул қилиш имкониятига эга экани айтилган.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, бундай тизимлар қарор қабул қилиш тезлигини оширса-да, хатоларни ўз вақтида аниқлаш имкониятини қисқартириши мумкин. Мазкур ҳолат сунъий интеллект хатоси эмас, балки инсонлар томонидан қабул қилинган стратегик қарорлар ва назорат механизмларининг етарли даражада ишламагани билан боғлиқ эканини кўрсатмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер