“Номофобия касаллиги” — ХХI аср эпидемияси

18:11 26 Март 2026 Жамият
323 0

Иллюстратив фото

Телефонга қарамлик — ХХI аср эпидемияси, дея тан олинмоқда. Тиббиётда бу “номофобия касаллиги” деб ташхисланади. Яъни номофобия телефонга қарамлик, ундан айрилиб қолишдан қўрқув ҳисси пайдо бўлиши билан кечади ва бу ҳозирда кўпроқ болалар ва ўсмирларда учрамоқда.

...Автобусда кетаётиб, чамаси беш-олти ёшли боланинг онасига хархашаси эътиборимизни тортди. Нуқул аясининг сумкасига қўл чўзар, аёл эса уни овутиш илинжида хижолат. Ниҳоят, бола ниятига етди чоғи, сумкадан олинган уяли телефон қўлига тегар-тегмас тинчиди-қолди. Ва... шаҳардан туман марказигача бўлган бир соатлик йўл давомида ундан кўзини узмади.

— Бугунги болаларнинг тили “сотка” деб аталадиган шу матоҳ билан чиқяпти, — деди бу ҳолатни кузатиб турган ҳамроҳимиз, ғиждувонлик педагог Шуҳратжон Ғаниев. — Ваҳоланки, эртага мактаб ёшига етгач, бундай боланинг ўй-хаёли китобда эмас, телефонда бўлиши аниқ. Китоб мутолааси ҳали мияси мўрт болани фикрлашга ўргатади, оқ-қорани танитади. Билимига билим қўшади. Қўл телефони-чи? У бор жойда боланинг диққати чалғийди: дарсларни ўзлаштиришига халақит беради. Ижтимоий тармоқларга ипсиз боғланиб қолган, миясини керак-нокерак ахборотлар билан тўлдираётган боланинг маънавияти қандай бўлади? Унинг инсон руҳий саломатлигига жиддий таъсири ҳақида-ку гапирмасак ҳам кўпчилик билади.

Муаллимнинг хавотирида жон бор. Афсуски, айримлар “Қулоғим тинч бўлсин”, “Хархаша қилмасин”, “Асабимга тегмасин” деган важлар билан ҳали эндигина тили чиққан боласига ҳам қўл телефонини бериб қўймоқда. Оқибатда жажжи ўғил-қизлар қўлида “сотка” бўлмаса, бир нарсасини йўқотиб қўйган каби ўзини қўярга жой тополмайдиган ҳолатга тушмоқда. Тажанг ва серхархаша, “қилма-қўйма”ни билмайдиган бўлиб ўсяпти.

У ва бошқа электрон экранларнинг бола соғлигига, дейлик, мия ривожига, руҳий саломатлигига жиддий зиён етказиши ҳам бор гап.

— Сўнгги йилларда ёш болалар орасида телефон, планшет ва бошқа электрон қурилмалардан ҳуда-беҳуда фойдаланиш ҳолатлари кескин ортиб бормоқда, — дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро филиали офтальмологи Шерзод Чўлиев. — Бу ҳолат кўзга салбий таъсир кўрсатиб, қатор касалликларнинг ривожланишига сабаб бўляпти. Астенопия, яъни кўз чарчаши, кўриш қобилиятининг пасайиши, миопия, яъни қуруқ кўз синдроми, бош оғриғи, диққатнинг сусайиши шулар жумласидан. Экранга узоқ муддат тикилиб туриш бола кўзида кўриш нуқсонини юзага келтиради.

Хўш, бундай ҳолатда ота-оналар қандай йўл тутмоғи керак? Қандай қилиб фарзандларини телефонга қарамликдан қутқаришлари мумкин?

Аввало, болаларнинг экран олдида ўтириш вақтини чеклаш, ҳар 20 — 30 дақиқада кўзни дам олдириш, масофани тўғри сақлаш, ёруғлик даражасига риоя этиш ҳамда уларни очиқ ҳавода кўпроқ ҳаракат қилишга ундаш керак. Дам олиш кунлари биргаликда сайрлар уюштиринг ва бошқа қизиқарли машғулотларга йўналтиринг... Унутманг, профилактика мақсадида офтальмолог кўригидан мунтазам ўтиб туриш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Бугун аксарият психологлар ижтимоий тармоқларнинг ёш бола онгу шуурига тузалмас зиён етказиши эҳтимолини назарда тутиб, уларни “кўринмас офат”, дея аташмоқда. Айтмоқчи, бу офат оқибатини дунёнинг ривожланган давлатлари аллақачон ўзларида ҳис этишди. Дейлик, шуни ҳисобга олган ҳолда Австралия ҳукумати 16 ёшга тўлмаганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига тақиқ қўйди. Шунингдек, Франция, Испания, Малайзия, Индонезия ва АҚШнинг бир қатор штатларида ўсмирларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига чеклов қўйиш масаласи кун тартибига чиқди.

Буёғига хулоса ўзингиздан.

Истам ИБРОҲИМОВ («Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер