Эрон — АҚШ музокаралари шу ҳафта охири бошланиши мумкин
Иллюстратив фото
Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги музокаралар шу ҳафта охири Покистоннинг Исломобод шаҳрида бўлиб ўтиши мумкин. Халқаро атом энергияси агентлиги бош директори Рафаэль Гросси бу ҳақда Италиянинг «Corriere della Sera» газетасига берган интервьюсида айтди.
«Мен [музокараларга] ёндашув кенгроқ бўлишини ва ядро энергияси ва можаронинг келиб чиқиши билан чекланмаслигини кутаман», — деган у.
Халқаро атом энергияси агентлиги бош директорининг сўзларига кўра, АҚШ ва Эрон Эроннинг ракета дастури, минтақадаги Теҳронга иттифоқдош жангари гуруҳларнинг фаолияти ва Эронга хавфсизлик кафолатларини бериш масалаларини ҳам муҳокама қилишлари мумкин.
Ҳозирча на Теҳрон, на Вашингтон учрашув ҳақида ҳеч қандай маълумо бермади. «Ҳотам ал-Анбиё» Марказий қўмондонлиги вакили Иброҳим Зулфақари Эрон АҚШ билан музокараларни фақат ўз ташаббуси билан, Эрон халқига қарши ҳаракат қилиш фикри америкаликларнинг... ифлос онгидан бутунлай тозалангандан сўнг бошлашини айтди.
Шу билан бирга, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Эсмаил Бағайи Эрон раҳбарияти дўст давлатлар ва қўшнилар билан АҚШ билан қуролли можарода воситачилик қилиш мумкинлиги ҳақида музокаралар олиб бораётганини хабар қилди. Унинг сўзларига кўра, кўплаб давлатлар, айниқса, Яқин Шарқда, Теҳрон билан Вашингтон ўртасидаги муносабатларда воситачилик қилишни таклиф қилишган.
«The New York Times» газетаси ўз манбаларига таяниб, Покистон армияси штаби бошлиғи, фельдмаршал Сайид Асим Мунир АҚШ ва Эрон ўртасидаги мулоқотда асосий шахсга айланганини маълум қилди. Нашр хабарига кўра, у яқинда Эрон парламенти раиси ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг собиқ қўмондони Муҳаммад Бағир Ғолибаф билан боғланиб, Покистонни Эрон — АҚШ музокаралари ўтказиладиган жой сифатида таклиф қилган.
АҚШ режа тайёрлаган
«The New York Times» газетаси шунингдек, АҚШ Яқин Шарқдаги урушни тугатиш учун 15 банддан иборат режа тайёрлаб, Покистон орқали Эронга етказганини хабар қилди. Нашрнинг таъкидлашича, ҳужжат АҚШ маъмуриятининг можародан чиқиш йўлини топиш ва шу билан бирга унинг иқтисодий оқибатларини бартараф этиш истагини акс эттиради.
«Махфий тафсилотларни муҳокама қилиш учун анонимлик шарти билан гапирган расмийлар режанинг баъзи, умумий қоидалари билан ўртоқлашди ва унда Эроннинг баллистик ракета ва ядровий қурол дастурлари ҳам кўриб чиқилишини айтишди. Бир расмийнинг таъкидлашича, режада денгиз йўллари ҳам муҳокама қилинади», — дейилади нашр хабарида.
«The New York Times»нинг қўшимча қилишича, Эрон расмийлари режани қанчалик яхши кўриб чиққани ва уни музокаралар учун асос сифатида қабул қиладими ёки йўқми, бу ҳали номаълум. Исроил бу ташаббусни қўллаб-қувватлайдими ёки йўқми, бу ҳам ноаниқлигича қолмоқда. Бироқ, газетада таъкидланишича, режанинг ўзи АҚШ маъмурияти урушни тугатиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтираётганидан далолат беради.
«Оқ уйнинг музокараларга бўлган истаги шуни кўрсатадики, Трамп Эроннинг амалдаги режимини ҳеч бўлмаганда ҳозирча, заифлашган ва янада мослашувчан ҳолатда бўлса ҳам, ҳокимиятда қолдиришга тайёр», — дея хулоса қилади нашр.
Эрон музокараларга тайёр, аммо шарт билан
Исроилнинг «Ynet» нашри манбаларга таяниб, аввалроқ Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи АҚШ президентининг элчиси Стив Уиткоффга Эроннинг янги олий раҳбари Мужтаба Хоманаий АҚШ — Эрон музокараларига рози бўлганини айтганини маълум қилган эди. Шу билан бирга, CNN манбаларига кўра, Теҳрон Доналд Трамп маъмуриятига Уиткофф ва АҚШ президентининг куёви Жаред Кушнер билан алоқаларни қайта тиклаш ниятида эмаслигини, вице-президент Жей Ди Вэнс билан мулоқот қилишни афзал кўришини аниқ маълум қилган.
«АҚШдаги норасмий каналлар орқали етказилган хабар шуни кўрсатадики, Эрон Исроил — АҚШ ҳарбий ҳаракатларидан олдин музокаралар тўхтатилганидан бери юзага келган ишонч танқислигини ҳисобга олган ҳолда, Уиткофф ва Кушнер иштирокидаги музокараларни самарасиз деб ҳисоблайди», — дея таъкидлайди манба.
АҚШ президентининг ўзи кеча Теҳрон Вашингтонга Ҳўрмуз бўғози билан боғлиқ «жуда катта миқдордаги пулга тенг совға» берганини айтди. Бироқ, Трамп у айнан қандай совға эканини аниқ айтмади.
Америкалик сиёсатшунос Малек Дудаковнинг айтишича, бу Эроннинг баъзи кемаларга бўғоздан ўтишга рухсат бериш қарори бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг