Афв: хатолардан тўғри хулоса чиқариш ва бошқа адашмаслик имкони
Президентимизнинг Рамазон ҳайити ва Наврўз байрами арафасида қабул қилинган «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги Фармони Фарғона вилоятида ҳам ўнлаб оилаларга қувонч улашмоқда.
Юртимизда 2017 йилдан буён инсонпарварликнинг янгича мезони асосида изчил амалга ошириб келинаётган афв этиш сиёсати тўғри йўлдан адашган ҳамюртларимизга ҳаётини қайтадан бошлаш имконини бераётгани эътиборга молик.
Бу ҳуқуқий ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона шаҳридаги 10-сонли тергов ҳибсхонасидан ҳам 3 нафар фуқаро афв этилиб, ўз оилалари бағрига қайтарилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган эътибор, тинч ва фаровон ҳаёт қадри ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, афв этилганларга билдирилган ишончни оқлаш, ҳалол меҳнат қилиш ва жамиятда муносиб ўрин топиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
— Бугун қилган ишимдан жуда афсусдаман, — дейди афв этилганлардан бири Абдуқодир Абдусамадов. — Белгиланган жазо муддати мен учун катта сабоқ бўлди. Президентимиз ишончини оқлаш ва энди бундай хато қилмаслик асосий мақсадим.

Шу боис ўқишимни давом эттириб, келажакда малакали шифокор бўлишга ҳаракат қиламан. Ота-онам ва барча яқинларимнинг ҳам орзуси шу.
Унинг отаси – Аброржон Абдуллаев ҳам бундай эътибор ва рағбатни миннатдорлик билан қабул қилди.
— Ўғлимга берилган бу имконият – оиламиз учун унутилмас хурсандчилик. Бундан буён уни асло назоратсиз қолдирмаймиз, тўғри йўлда юриши учун доимо қўллаб-қувватлаймиз, — дейди у.
Раҳматжон Жўраев ҳам ўз хатосидан керакли хулоса чиқарганини таъкидлайди.
— Жазо ўташ жараёнида қонунни менсимаслик қандай ёмон оқибатларга олиб келишини ҳис қилдим, — дейди у. — Энг ачинарлиси, менинг қилмишим учун оила аъзоларим ҳам азоб чекди. Набирам дунёга келганида унинг ёнида бўла олмадим. Бобо сифатида бундан ортиқ азоб йўқ.
Дарҳақиқат, афв этиш сиёсати нафақат ҳуқуқий чора, балки теран маънавий аҳамиятга эга тизимли жараёндир. У халқимизга хос бўлган кечиримлилик ва бағрикенглик каби фазилатларни яққол намоён этади. Жиноят қилган ва қилмишидан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган инсонларга имконият бериш орқали эса жамият барқарорлиги ҳамда оилаларнинг бахти тўкислиги таъминланади.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг