Саудия Арабистони Эроннинг элчихона вакилларини чиқариб юборди

12:31 22 Март 2026 Дунё
484 0

Саудия Арабистони Теҳрон Форс кўрфази мамлакатларига ҳужум қилишда давом этар экан, Эроннинг ҳарбий атташеси ва элчихона ходимларини чиқариб юборди.

Саудия Арабистони Эроннинг ҳарбий атташеси, унинг ёрдамчиси ва элчихонанинг уч ходимига 24 соат ичида мамлакатни тарк этишни буюрди. Бу якшанба куни эрта тонгдан Теҳрон Форс кўрфазидаги қўшниларига ҳужумларни давом эттираётган бир пайтда содир бўлди.

Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги Эроннинг давом этаётган ҳужумлари халқаро конвенцияларнинг қўпол равишда бузилиши ва ислом биродарлиги тамойилларига зид эканлигини айтди.

«Саудия Арабистони Қироллиги Эрон Ислом Республикасининг Қиролликдаги элчихонасининг ҳарбий атташесини, ҳарбий атташе ёрдамчисини ва миссия ходимларининг уч аъзосини Қиролликни тарк этиш ҳақида хабардор қилди», — дейилади хабарда ва уларни «персона нон грата» деб эълон қилгани, яъни улар энди мезбон мамлакат томонидан қабул қилинмаслигини қўшимча қилган.

Ушбу эълондан бир неча соат ўтгач, Саудия Арабистони мудофаа вазирлиги пойтахт Ар-Риёдга учта баллистик ракета отилиши аниқланганлигини маълум қилди. Улардан бири ушланган бўлса, иккитаси аҳоли яшамайдиган ҳудудга тушган. Ҳарбийлар, шунингдек, кечаси шарқий минтақага бир нечта дронлар учирилганини аниқлаган.

Бирлашган Араб Амирликлари Мудофаа вазирлиги якшанба куни эрта тонгда Эроннинг зарбаларига жавоб қайтарган. Ўтган кун давомида мамлакат ҳаво мудофааси тизимлари камида саккизта учувчисиз учиш аппарати ва учта баллистик ракетани ҳам тутиб олган.

Қувайт давлат ахборот агентлиги Мудофаа вазирлигига таяниб шанба куни хабар беришича, мамлакат ҳаво мудофааси тизимлари 24 соат ичида тўққизта баллистик ракетани уриб туширган. Баҳрайн Мудофаа кучлари якшанба куни эрта тонгда ўтган кун ичида иккита дронни уриб туширганини маълум қилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер