Ҳиндистон компанияси Ўзбекистонда 5G тармоғини жорий этишни таклиф қилди

13:55 19 Март 2026 Жамият
262 0

Фото: «Дунё»

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Сардор Рустамбоев “Tejas Networks” компанияси вице-президенти Ражниш Кҳуллар билан учрашди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, томонлар Ўзбекистонда илғор телекоммуникация ечимларини жорий этиш истиқболларини муҳокама қилган. Хусусан, Ражниш Кҳуллар Ҳиндистондаги йирик лойиҳаларни амалга ошириш тажрибаси, жумладан, “BSNL” давлат оператори учун миллий 4G тармоғини ёйиш ва 250 мингдан ортиқ қишлоқ аҳоли пунктларини юқори тезликдаги интернетга улаш борасидаги маълумотлар билан ўртоқлашган.

Шунингдек, Ҳиндистон томони Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга катта қизиқиш билдирган. Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сифатида “Tejas Networks” вице-президенти “Ўзбектелеком” АК билан 5G алоқа стандартларига ўтиш, симсиз инфратузилмани ривожлантириш ва мамлакатимизнинг қишлоқ ҳудудларини юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш жараёнида ўзаро ҳамкорлик қилишни таклиф қилган.

Бундан ташқари, томонлар Ўзбекистон ҳудудида замонавий телекоммуникация ускуналарини ишлаб чиқаришни ташкил этиш имкониятларини ҳам муҳокама қилган. Мулоқот давомида илғор телекоммуникация технологиялари соҳасида малакали муҳандислар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган.

Маълумот учун, Ҳиндистоннинг “Tata Group” конгломерати таркибига кирувчи “Tejas Networks” телекоммуникация ускуналарини ишлаб чиқарувчи ва лойиҳаловчи етакчи компаниялардан биридир. Компания Ҳиндистон ҳукуматининг “Make in India” дастурида фаол иштирок этиб, алоқа операторлари, интернет-провайдерлар, мудофаа ва давлат секторлари учун юқори технологик маҳсулотлар етказиб беради.

“Tejas Networks” телекоммуникация соҳасидаги патентлар сони бўйича Ҳиндистонда етакчи ҳисобланади. Унинг маҳсулотлари 75 дан ортиқ мамлакатга экспорт қилинмоқда.

Рақамли тармоқлар хавфсизлигига қўйиладиган талаблар кучайиб бораётган бир шароитда, компания ўзини «ишончли етказиб берувчи» сифатида намоён этиб, “Nokia”, “Ericsson”, “Huawei” каби глобал иштирокчилар билан муваффақиятли рақобатлашмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер