Убайдулла Уватов таваллудининг 85 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди
Темурийлар тарихи давлат музейида ўзбек исломшунослик мактабининг забардаст вакили, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов таваллудининг 85 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди.

Маърифатпарвар аждодларимиз меросини ўрганиш ва уни дунёга танитиш йўлида заҳмат чеккан олимлар хотирасини эъзозлаш — маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмидир. Шу маънода, Темурийлар тарихи давлат музейида ташкил этилган тадбир нафақат бир инсон хотирасига эҳтиром, балки ўзбек шарқшунослик ва исломшунослик илмининг сарҳисобига айланди.

Тадбирни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муслимбек Йўлдошев кириш сўзи билан очиб берар экан, Убайдулла Уватовнинг инсоний фазилатларига алоҳида тўхталди. Нотиқ ўз хотиралари орқали олимнинг нафақат илм соҳасидаги, балки кундалик ҳаётдаги камтарлиги, зиёлилик маданияти ва атрофдагиларга бўлган юксак эътиборини ёдга олди.

Шундан сўнг иштирокчилар эътиборига ҳавола этилган махсус видеороликда олимнинг ёшлик йилларидан бошлаб, илм-фаннинг юксак чўққиларини забт этгунига қадар бўлган машаққатли ва шарафли йўли гавдаланди.

Кеча доирасида олимнинг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган «Мунаввар ҳаёт ва илм соҳиби» китобининг тақдимоти ўтказилди. Ушбу китоб Убайдулла Уватовнинг бой маънавий оламини англашда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Тадбирда сўзга чиққан Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева олимнинг илмий изланишлари ҳақида гапириб, шундай деди:
«Убайдулла Уватов нафақат назарий билимлар эгаси, балки амалиётчи олим эди. Унинг араб тили, тарих ва манбашунослик соҳасидаги тадқиқотлари бугунги ёш шарқшунослар учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Университетимизда устознинг номини абадийлаштириш мақсадида алоҳида ўқув хонаси очишни режалаштирганмиз».

Иштирокчилар томонидан устознинг айниқса араб тили ва таржимонлик соҳаларидаги хизматлари алоҳида эътироф этилди. Убайдулла Уватов буюк муҳаддисларимиз — Имом Бухорий ва Имом Термизийларнинг ҳаёти ва илмий меросини халқимизга тушунарли тилда етказиб беришда беқиёс ишларни амалга оширган.

Профессорнинг илмий фаолияти фақат китоб ёзишдан иборат бўлмаган. У юзлаб шогирдлар тарбиялаган фидойи устоз сифатида ҳам танилган. Хотира кечасида сўз олган шогирдлари устознинг ҳар бир дарсда нафақат билим, балки ҳаётий одоб-ахлоқ ўргатганини сўзладилар.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Темурийлар тарихи давлат музейи, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамкорлигида юксак савияда ташкил этилди.

Убайдулла Уватовдек олимларнинг маънавий мероси ватанпарварлик ва илмга садоқат тимсоли бўлиб қолаверади. Зеро, илм аҳлига кўрсатилган эҳтиром — миллатнинг ўз келажагига бўлган юксак эътибори ифодасидир.
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг