Нарпай туманида 100 гектарда саноат зонаси ташкил қилинади

17:18 18 Март 2026 Сиёсат
251 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент раислигида ўтаётган йиғилишда Самарқанд вилоятидаги магистраль йўлларнинг 34 километри Нарпайдан ўтгани савдо ва сервисни ривожлантириш учун жуда катта имконият экани таъкидланди. Лекин йўл бўйларида 10-15 та кичик сервис шохобчасидан бошқа одамларни жалб қиладиган бирорта жой йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

Масалан, Мирбозор чорраҳасидан кунига 60 минг транспорт ўтади. Лекин бу ердаги йўл тор бўлгани учун 2 километргача тирбандлик юзага келмоқда.

Қурилиш учун хомашё захираларининг тўртдан бири Нарпайда жойлашган бўлса-да, қурилиш материали бўйича бирорта йирик корхона йўқлиги қайд этилди.

Туман саноатининг вилоятдаги улуши 2 фоиз. Ҳудудидан 36 километр темир йўл ўтган, 21 гектарли кичик саноат зоналари бўлган туманга бу кўрсаткичлар ярашмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Самарқанддаги сувли ерларнинг қарийб 10 фоизи ушбу туманга тўғри келади. Бироқ Нарпай вилоятдаги қишлоқ хўжалигининг 5 фоизини ҳам бермайди. Туман мутасаддиларига шу ва бошқа муаммоли масалаларни ҳал қилиш йўллари кўрсатиб берилди.

Нарпай туманида 100 гектарда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган саноат зонаси ташкил қилиниши эълон қилинди. У ерда жорий йилнинг ўзида 300 миллион долларлик лойиҳалар бошланади.

Мутасаддиларга сунъий интеллект ёрдамида ҳар бир маҳалла имкониятини «диагностика» қилиш, «ўсиш нуқталари»ни аниқлаб, туманни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш, даромадни кўпайтириш бўйича Нарпай тажрибасини яратиш топширилди.

Шунингдек, Нарпай қулупнайчилик мактаби ташкил этилиб, тумандаги 25 та маҳалла қулупнайчиликка ихтисослаштирилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер