Сурхондарёда ИИО ходимлари ота-ўғил ҳужумига учради

12:41 18 Март 2026 Жамият
240 0

Фото: Сурхондарё вилояти ИИБ

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятида ички ишлар ходимлари ва фуқаролар ўртасида жанжал юз бергани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди.

Аниқланишича, жорий йилнинг 2 февраль куни Музработ тумани «Меҳнатобод» маҳалласида яшовчи, Жиноят кодексининг 168-моддаси билан айбланувчи тариқасида ўтаётган Р.Р. исмли аёлнинг уйига 6 нафар эркак келиб, қарз масаласида жанжал чиқарган ҳамда жамоат тартиби ва фуқароларнинг тинчлигини бузган.

Чақирув асосида воқеа жойига профилактика инспекторлари етиб бориб, жанжал қилаётган фуқаролар билан тушунтириш ишлари олиб борган. Шундан сўнг уларни ҳолатни расмийлаштириш мақсадида туман ИИБга олиб кетиш жараёнида, 1972 йилда туғилган Ч.Х. ходимларга кескин қаршилик кўрсатиб, профилактика инспектори капитан Р. Чориевнинг юз қисмига боши билан зарба берган.

Бу ҳам етмагандек, жавобгарликдан қутулиш мақсадида, Ч.Х. ўзини ҳушини йўқотгандай кўрсатиб симуляция қилган. Ч.Х.ни касалхонага олиб борилиб, соғлиғини текшириш жараёнида, унинг фарзанди 2008 йилда туғилган М.Х. етиб келиб, профилактика инспектори майор Э.Азамовга тўсатдан ҳужум қилган. У ходим томонидан жисмоний куч ишлатиб, зарарсизлантирилган.

Билдирилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан Музработ туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро Ч.Х.га нисбатан «қамоқ» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Унинг вояга етмаган ўғли М.Х.га нисбатан қонунчиликка мувофиқ тилхат эҳтиёт чораси белгиланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер