Ядро физикаси: эзгулик йўлидаги илмий ютуқлар
1954 йил Обнинск шаҳрида дунёда биринчи атом электр станциясининг ишга туширилиши атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш мумкинлигини яққол кўрсатиб берди. Орадан икки йил ўтгач, Дубна шаҳрида Ядро тадқиқотлари бирлашган институти, сентябрь ойида эса Тошкентда Ядро физикаси институти ташкил этилди. Бугун эса ўзбекистонлик олимлар ядро физикаси борасидаги илмий тадқиқотларини металлургия саноатига, тиббиётда инсонлар ҳаётини сақлаб қолувчи бебаҳо малҳамлар, дорилар яратишга йўналтирмоқда. Умуман олганда ядро физикаси биз ўйлагандан кўра, мураккаб ва истиқболли соҳа. Бу ҳақда Марказий Осиёда энг йирик илмий марказлардан бири ҳисобланган ЎзФА Ядро физикаси институти директори Илҳом Исмоилович Содиқов қуйидагиларни сўзлаб берди.
-Ихтиёримизда олтита ноёб ядро-физикавий қурилма, 14 та энг замонавий асбоб-ускуналар мавжуд. Ана шу имконияту илмий фаолият учун етарли шарт-шароитлар Марказий Осиёдаги бошқа илмий даргоҳларда йўқ. Чунки 2018 йил давлатимиз раҳбарининг институтимизга қилган ташрифларидан сўнг у кишининг бевосита эътибори туфайли фаолиятимиз мутлақо янги босқичга кўтарилди. Рости ўшанда, ҳаётини шу соҳа ривожига бағишлаган ўнлаб олимларнинг кўзидан ёш қалққан эди. Чунки институтнинг моддий- техник аҳволи 2016 йил жуда ночор аҳволга тушиб қолган, кўпчилик ишхонасидан кўнгли бошқа жойлардан иш қидиришга тушиб қолган эди-да. Бугун ядро энергетикаси, қаттиқ жисмлар физикаси ва материалшунослик, радиокимё ва ядро аналитика, илмий асбобсозлик йўналишларидаги илмий тажрибалар ва ютуқларимиз республикамиз ва ундан ташқарида ҳам кенг амалиётга татбиқ этилмоқда. Масалан, нефть-кимё ва тоғ-кон саноатида технологик назорат қурилмаларини такомиллашуви, саноат чиқиндиларидан олтин ва кумуш қолдиқларини ажратиб олиш борасидаги амалий ишларимиз юқори натижа кўрсатди. НКМК, ОКМК, ЎзҚҚЧМ сингари йирик корхоналар билан узвий ҳамкорлик ўрнатган ҳолда асосий ишлаб чиқаришга қўшимча равишда ўта тоза скандий, рений, теллур, палладий ва бошқа металларни ажратиб олиш технологияларини ишлаб чиқдик. Ҳеч шубҳа йўқки, бу саъй- ҳаракатларимиз келгусида иқтисодиётимизга бир неча миллион эмас, балки бир неча миллиард долларлик манфаат келтиради.
Яна бир гап. Онда -сонда бўлса-да,айрим кишилар радиоактив моддалар савдосига аралашиб қоляпти. Буни шунчаки бизнес-да, дейдиганлар ҳам йўқ эмас. Шу боис мутахассисларимиз контрабанда материаллар экспертизасини юксак аниқлик ва тезкорлик билан ўтказишда, бу борадаги назоратни янада кучайтиришда, радиоактив чиқиндиларни йиғиб олиш ва кўмиш ишларини юқори даражада ташкил этишда тегишли идоралар билан жиддий эътибор қаратган. Ядро материалларнинг ноқонуний айланиши олдини олиш мақсадида, уларнинг оз миқдорини ҳам аниқлаш имконини берувчи тизим яратилди. Айни пайтда тиббиёт соҳасида импорт ўрнини босувчи радиодиагностик ва радиотерапевтик маҳсулот ишлаб чиқариш биз учун кўпроқ манфаат келтирмоқда. Радиация ва кимёвий зарарсизлантириш, турли касалликларда микроэлементлар ролини аниқловчи услублар яратилди. Бу соҳада муассасамиз азалдан нафақат Марказий Осиё ёки МДҲ ҳудудида, балки дунёда ҳам етакчидир. Чунки бизда радиокимё мактаби яхши ривожланган ва шу соҳадаги салоҳиятимизни янада кўтаришга интиляпмиз. Айни чоғда эса радиофарматцевтик препаратлар ишлаб чиқариш борасида институтимизни дунёнинг энг яхши ўнта ташкилоти рўйхатидан топишингиз мумкин. Олимларимиз оғир хасталикларга қарши тура оладиган 15 та радиоизотоп асосида 60 га яқин ўта қиммат радиофарматцевтик дори воситаларини кашф этишган ва бу воситалар юртимиздаги олтита клиникада онкологик касалликларда самарали қўлланмоқда. Агар аниқроқ айтадиган бўлсам,маҳсулотларимиздан бири “Лютеций-177-ПСМА-617” дори воситаси простата бези саратонини даволашда юқори самара бермоқда. Масалан,Тошкентдаги “Нано медикал” клиникасида шу радиофарматсевтик дори беморда қўлланиб 92 фоиз ижобий натижа берди. “Самарий-153-Оксабифор” препаратини олайлик. Бу малҳам суяк метастазасидаги оғриқни бутунлай қолдиради, ўсимтани жиловлайди. “Йод-131” изотопи ҳам тенгсиз дори, уни ҳам ўзимиз ишлаб чиқаряпмиз. Самарадорлиги жуда баланд. Аслида радиофармацевтик препаратлар билан даволаш дунёда жуда қимматга тушадиган муолажа ҳисобланади. Лекин биз маҳсулотларимизни маҳаллий клиникаларга анча арзон нархларда етказиб бериляпти. Айтайлик, юқорида айтилган суяк саратонини даволаш ва оғриқсизлантиришда ишлатиладиган “Самарий-153 оксабифор” дорисининг битта дозаси Европа давлатларида 2,5 минг евро, бошқа мамлакатларга 2 минг 700 евродан сотилади. Биз шу дорини маҳаллий клиникаларга 60 евронинг сўмдаги эквивалентида, яъни 700 минг сўмдан етказиб беряпмиз. Ҳатто, чет элдаги ҳамкасбларимиз ҳам мазкур дориларни бундай нархда сотиш мумкинлигига ишонишмайди. Лекин бу факт.
Яна бир мисол, дунё бўйича ишлатилаётган ва ишлаб чиқарилаётган “Йод-125” радиоизотопининг 80 фоизи бизнинг институти қошидаги Радиопрепарат корхонасида ишлаб чиқариляпти. Бу дунёдаги энг қиммат дорилардан бири ҳисобланади. Лекин ҳамма шуни сотиб оляпти. Нимага? Чунки бизнинг маҳсулотимиз тозалиги бўйича эътироф топган чет маҳсулотига нисбатан 10 минг марта тоза. Насиб этса, келгусида илмий ютуқларимиз ҳам экспорт салоҳиятимиз ҳам ўн карра, юз карра ошади. Буни даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Фақат барчаси тинчлик, осойишталик, инсон камолоти, унинг фаровонлигию саломатлиги йўлида.
Абдунаби АЛИҚУЛОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг