Ўсимликлар генбанки – озиқ-овқат хавфсизлиги кафолати

17:10 17 Март 2026 Илм-фан
253 0

Тасаввур қилинг, келгусида сайёрамизда тириклик учун хавф туғилса, табиатда ўсимликларга номаълум касаллик хавф солса ё кучли шўрланиш, аномал қурғоқчилик кузатилса вазиятни қандай ўнглаш мумкин? Глобал хавф-хатарларга қарши энг ишончли қалқон нима? Илм-фан бунга ягона ва қатъий жавоб беради: ўсимликлар генетик ресурслари генбанкидир. Ана шу сабабли Қибрай туманида жойлашган ва намуналар тури ва сони бўйича дунёда 14- ва МДҲ давлатлари орасида 2-ўринни эгаллайдиган Ўсимликлар генетик ресурслари илмий -тадқиқот институти қошидаги генбанк фаолияти билан яқиндан танишдик. Бир асрлик тарихга эга бўлган генбанк бошлиғи, таниқли олим Ҳамидулло Ҳасанов қуйидагиларни сўзлаб берди.

-Кенг омма назарида ўсимликлар генофонди (генбанк) шунчаки турли хил уруғлар сақланадиган оддий омборхонадек туюлиши мумкин. Аслида эса бу маскан миллатнинг жонли тарихи, табиатнинг миллионлаб йиллар давомида шакллантирган эволюцион мўъжизаси ва эртанги кун ризқимизнинг асосий кафолатидир. Ўнлаб иқтидорли олимларни бирлаштирган институт қошидаги генбанк бундан бир аср аввал академик Н.И. Вавилов ташаббуси ташкил этилган ва Марказий Осиёда ягона ва дунё миқёсида тан олинган «тирик хазина»дир. Эътибор беринг, бу ерда 103 хил қишлоқ хўжалиги экинларининг 43 мингдан зиёд намуналари сақланмоқда. Ихтиёримизда биргина буғдойнинг 13 мингдан зиёд навлари мавжуд. Шунинг ўзиёқ илмий экспедициялар ва келгусидаги тадқиқотлар, илмий ютуқлар учун генбанк нечоғлик муҳим эканлигини кўрсатади. Шу ўринда яна бир маълумотни айтиб ўтай. Америкалик олимлар иқтисодий салоҳияти, кўлами жиҳатидан ўзларидаги генбанк катта бўлса-да, ўсимлик уруғлари захираси, ўзига хослиги бўйича илмий тадқиқотлар талабига кўра тез-тез Москва генбанкига мурожаат қилишади. Шунинг ўзиёқ, русларнинг генбанки янада бой эканлигидан далолат беради. Хом-чўтларга қараганда эса Россия генбанкининг бугунги баҳоси 3 триллион доллардан қимматроқ. Бу ҳам инсоният фаровонлигини таъминлашда генбанклар фаолияти нечоғлик муҳим эканлигига яққол далил.

Кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори туфайли генбанкимиз БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), ИКАРДА, СИММИТ, КОПИА, ИКРИСАТ, ИПИГРИ каби халқаро ташкилотлар, Свальборд, Германия, Япония, Жанубий Корея, Покистон, Россия каби мамлакатлардаги йирик генбанклар билан яқин алоқаларни йўлга қўйди. Ана шу жараёнда аниқландики, генбанкимиз уруғлари чет элликлар эътиборини тортмоқда. Уруғларимизнинг баъзилари дунёнинг бирорта жойида учрамайди, фақат ўзимизга хос. Масалан, бизда қовуннинг минг йиллардан буён экиб келинаётган 3 мингдан ортиқ нав намуналари мавжуд ва бу уруғларнинг бир қисми ер юзидан буткул йўқолиб кетган. Қувонарлиси «Чўгара», «Ич кизил», «Шакар палак», «Оқ уруғ», «Қизил уруқ», «Қўйбош», «Ассан бей», «Кассаба Жуковского» сингари қовун уруғлари, «Многоплодний», «Кубинес», «Мраморний», «Чугунок», «Пионер пустини», “Мраморний” сингари тарвуз навлари миллий селекциямизнинг бебаҳо ютуғидир. Умуман олганда ўтган қисқа давр оралиғида олимларимиз томонидан қишлоқ хўжалик экинларининг 300 дан ортиқ янги навлари яратилди ва бу уруғлар орасида қовуннинг “Оқ уруқ”, “Ассате”, узумнинг “Победа” (Мерс), “Гўзал қора”, “Октябрский”, қаттиқ буғдойнинг “Карлик 85”, маккажухорининг “Узбекская зубовидная”, мошнинг “Дурдона”, “Барқарор”, саримсоқ пиёзнинг “Майский ВИРа”, стевиянинг “Шакар барг”, ўрикнинг “Вимпел”, япон мушмуласининг “Ягона”, олхўрининг “Ягона”, “Мухтор”, “Майсара” каби навлари боғбону соҳибкорларга жуда маъқул келмоқда. Шу каби уруғларнинг 3 мингдан ортиқ намуналарини Норвегиянинг Свалбард бутунжаҳон ўсимликлар генбанкига ҳам кафолатли сақлаш учун юбордик.

10 йилдирки, фаолиятимиз янада жонланган, институтнинг Ўсимликлар карантини ва интродукцияси бўлимига 12635 намуналар, 34 та хорижий мамлакат қишлоқ хўжалик экин турлари интродукция қилиниб, касаллик ва зараркунандалар ҳамда қимматли хўжалик белги ва хусусиятлари бўйича бирламчи баҳоланди.

Генбанк бу гарчи қадр -қиммати жиҳатидан бебаҳо ҳисобланса-да, олтин ё нодир металлар сақланадиган жой эмас, балки вақти вақти билан янгилаб туришни, доимий равишда назорат ва изланишни талаб этадиган маскандир. Шу боис ҳар йили 4 мингдан ортиқ яқин қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини очиқ дала шароитида экиб омбордаги уруғларни янгисига алмаштирамиз.

Насиб этса, келгусида жаҳон стандартларига мос бўлган, уруғларни -18°C ҳароратда 100 йил ва ундан ортиқ муддат кафолатли сақлайдиган янги типдаги Миллий генбанк бунёд этилади. Аслида бу шунчаки гап эмас, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан тез орада бошланадиган хайрли ишдир. Чунки бу ерда сақлаётган ҳар бир уруғ — Янги Ўзбекистоннинг тўкин дастурхони ва фаровон ҳаёти учун қўйилган мустаҳкам пойдевордир.

Абдунаби АЛИҚУЛОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер