Эрон Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Али Ларижоний ҳалок бўлгани айтилмоқда

15:47 17 Март 2026 Дунё
268 0

Эрон Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Али Ларижоний 17 мартга ўтар кечаси Исроил ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлгани маълум қилинди. Бу ҳақда “Times of Israel” нашри ЦАҲАЛ баёнотига таяниб хабар берди.

Кўп ўтмай Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Эроннинг «амалдаги раҳбари» Али Ларижоний зарба оқибатида ҳалок бўлганини тасдиқлади. Эрон расмийлари эса ҳозирча бу маълумот юзасидан изоҳ бермаган.

Исроилнинг “12-канал” телеканали хавфсизлик идорасидаги манбасига таяниб хабар қилишича, 16 март куни кундузи Ларижоний Теҳрондаги махфий квартираларидан бирига келиши ҳақида маълумот олинган. Ҳужум вақтида у ўғли билан бирга ушбу манзилда бўлган. Манбага кўра, бундай зарбадан омон қолиш имконсиз.

Шунингдек, ЦАҲАЛ Теҳронда амалга оширилган “аниқ нишонли зарба” натижасида “Басиж” кўнгилли ҳарбийлаштирилган тузилмаси қўмондони Ғоламрезо Сулаймоний ҳам ўлдирилганини маълум қилди. “Басиж” ташкилоти Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига бўйсунади ва мамлакатдаги ҳукуматга қарши намойишларни бостиришда иштирок этиши билан танилган.

Маълумотларга кўра, Али Ларижоний Эрон олий раҳбари Али Хоманаий ҳалок бўлганидан кейин ўлдирилган энг юқори лавозимли амалдор ҳисобланади.

“The New York Times” нашрининг ёзишича, АҚШ ва Исроил ҳужумларидан олдин Ларижоний амалда мамлакат раҳбарига айланган ва унга намойишларни бостириш ҳамда эҳтимолий урушга тайёргарлик кўриш вазифаси юклатилган. Шунингдек, у Теҳроннинг асосий ҳамкорлари — Россия, Қатар ва Уммон билан алоқаларни мувофиқлаштирган ҳамда АҚШ билан Эрон ядро дастури бўйича музокараларга масъул бўлган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер