Таниқли адабиётшунос олим Ортиқбой Абдуллаев вафот этди

18:51 16 Март 2026 Жамият
491 0

Бугун, 16 март куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ортиқбой Абдуллаев вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси хабар берди.

Таниқли адабиётшунос олим, моҳир таржимон Ортиқбой Абдуллаев 1943 йил 22 майда Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Хумсон қишлоғида туғилган. 1966 йилда Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)ни тамомлаган. Мутахассислиги филолог, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси. У 1980 йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, 1981 йили филология фанлари номзоди бўлган.

Абдуллаев меҳнат фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаган. Олим Педагогика институтида илмий ходим, «Ўзбекистон маданияти», «Ўзбекистон овози» газеталарида адабий ходим, «Шарқ юлдузи», «Соғлом авлод учун», «Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги», «Жаҳон адабиёти» журналлари ва «Ўқитувчи» нашриётида бўлим мудири, «Чўлпон» нашриётида бош муҳаррир вазифаларида ишлаган.

Шу билан бир қаторда, унинг «Шеъриятнинг тиниқ осмони», «Ижоднинг қўш қаноти», «Қалбга очилган йўл», «Юрагимга ёзилган йиллар» номли китоблари нашр этилган. Олимнинг бир қатор мақолалари хорижий тилларга таржима қилинган. У ўзбек адабиёти хазинасини бойитишга қўшган ҳиссаси учун 1991 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» унвонига лойиқ кўрилди.

Абдуллаевнинг жанозаси эртага, 17 март куни соат 13:00 да ўзи туғилиб ўсган Хумсон қишлоғида ўқилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер