Instagram шахсий хабарлардаги шифрлаш функциясини ўчиради

16:43 16 Март 2026 Дунё
314 0

Meta компанияси Instagramʼдаги шахсий хабарларда (Direct) қўлланиладиган «end-to-end» (учидан-учига) шифрлаш функцияси бекор қилинишини эълон қилди. Ушбу вариантни қўллаб-қувватлаш 2026 йил 8 майдан тўхтатилади.

Компания вакилининг сўзларига кўра, мазкур функциядан жуда кам сонли фойдаланувчилар фойдаланган. Бундай даражадаги ҳимоя остида мулоқот қилишни давом эттиришни истовчиларга шифрлаш тизими доимий равишда ишлайдиган WhatsApp мессенжерига ўтиш таклиф қилинди.

Функция ёпилаётгани ҳақидаги маълумот Instagram маълумотнома марказида пайдо бўлди. Агар ўзгаришлар фойдаланувчининг чатларига таъсир қилса, илова ёзишмалар ва медиафайлларни юклаб олиш бўйича йўриқнома тақдим этади. Баъзи ҳолларда бунинг учун иловани энг сўнгги версиягача янгилаш талаб этилади.

Эслатиб ўтамиз, компания Instagram хабарларида шифрлашни синаб кўришни 2021 йилда бошлаган эди. Сервис маълумотига кўра, бу функция фақат айрим ҳудудларда мавжуд бўлган.

Маълумот учун: «End-to-end» шифрлаш — бу хабарларни ҳимоя қилиш усули бўлиб, унда ёзишма мазмунини фақат жўнатувчи ва қабул қилувчи ўқий олади. Ҳатто хабар ўтадиган платформанинг ўзи ҳам уни ўқиш имкониятига эга бўлмайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер