Қийинчиликларда тобланган, ички куч ва оғриқларни жиловлай олган — «Инсон»

21:17 13 Март 2026 Маданият
961 0

Бугун, 13 март куни Тошкент шаҳрида жойлашган «Renessans Holl» мажмуасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан яратилган «Инсон» фильмининг иккинчи сони премьераси бўлиб ўтди. Фильмнинг илк сонида Наманган вилоятида яшовчи ногиронлиги бўлган шахснинг ҳаётий синовларга қарамай намоён этган ҳақиқий жасорати ва матонати ҳақида сўзловчи таъсирли картина яратилган эди.

Бу сафар эса қорақалпоғистонлик етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган уч нафар боланинг дастлаб меҳрибонлик уйида тарбияланиб, кейинчалик кичик ҳажмдаги оилавий болалар уйларида улғайгани, уларнинг ҳаёт йўли ва орзу-интилишлари таъсирли тарзда ёритиб берилган.

Картина реал воқеалар асосида яратилган бўлиб, оғир синовларни бошдан кечирган, аммо таслим бўлмай, олдинга интилаётган етим ва ота она қармоғидан маҳрум бўлган болалар тақдирини очиб беради. Асар марказида кўпинча жамият эътиборидан четда қолиб кетадиган, бироқ ўз ҳаёти ва кураши билан бошқаларга сабоқ бера оладиган инсонлар турибди.

Фильмнинг энг таъсирли жиҳати шундаки, унда актёр сифатида айнан шу воқеаларни бошидан ўтказган инсонларнинг ўзи иштирок этади. Улар ўз ҳаётини, ўз оғриғи ва ғалабасини ўзлари ифода этади.

«Инсон» фильмининг иккинчи сони оддий инсонларнинг ҳаёти, ҳис-туйғулари, қийинчиликлари ва ютуқлари ҳақида ҳикоя қилувчи таъсирли асар ҳисобланади. Унда меҳр-оқибат, қўллаб-қувватлаш ва ички куч орқали инсон қадр-қиммати қандай намоён бўлиши батафсил ёритилади.

Мазкур картинанинг илк сони 2025 йилда намойиш этилган бўлиб, унда «Икки тақдир, бир макон: ўхшаш оғриқлар, синовларда енгилмаган чегарасиз инсонлар. Бахт асл мақсадини унутмасдан ҳаракатда давом этувчиларни севади» ғояси илгари сурилганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер