Тошкентда ўпирилиб тушган туннель йўли вақтинча ёпилди

18:20 12 Март 2026 Жамият
566 0

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Аввалроқ Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида Темур Малик ва Буюк ипак йўли кўчалари кесишмасидаги янги туннель йўли деворининг бир қисми ўпирилиб тушгани ҳақида хабар берилган эди. Пойтахт ҳокимлиги ҳодиса ортидан ушбу йўлнинг бир қисми вақтинча ёпилишини маълум қилди.

Қайд этилишича, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда зарур техник ишларни амалга ошириш мақсадида Темур Малик кўчасининг Мирзо Улуғбек кўчаси билан кесишмасидан Султония кўчаси кесишмасигача бўлган қисми барча автотранспорт воситалари ҳаракати учун вақтинча ёпилади.

Шу ўринда, Буюк Ипак йўли кўчаси бўйлаб ҳаракатланиш чекланмайди, бироқ Буюк Ипак йўли кўчасидан Темур Малик кўчасига тушиш-чиқиш йўллари вақтинча ёпилади. Билдирилишича, ушбу чекловлар ишлар тўлиқ якунлангунга қадар амал қилади.

Шу муносабат билан ҳайдовчилардан йўналишларни олдиндан режалаштириш, вақтинча ўрнатилган йўл белгиларига ҳамда масъул хизматлар ходимлари кўрсатмаларига қатъий риоя этиш сўралган. Ҳокимлик, шунингдек, ҳаракат қайта тикланиши ҳақида қўшимча ахборот берилишини қўшимча қилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер