Ижтимоий тармоқлардаги «кислотали булутлар» ҳақидаги хабарлар рад этилди
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқлар ва турли гуруҳларда Эрон ҳудудида гўёки «кислотали булутлар» шакллангани ҳамда улар тез орада минтақамизга ёғингарчилик олиб келиши ҳақида ваҳимали хабарлар тарқалди. Гидрометеорология хизмати агентлиги ушбу ҳолат юзасидан расмий муносабат билдириб, фуқароларни хотиржамликка чақирди.
Мутахассисларнинг тушунтиришича, кислотали ёғинлар ҳосил бўлиши учун атмосферада олтингугурт ва азот оксидлари жуда узоқ вақт давомида тўпланиши ва сув буғи билан кимёвий реакцияга киришиши керак. Бундай жараёнлар фақат йирик саноат марказларининг бевосита яқинида содир бўлиши мумкин.
«Ҳаво массалари узоқ масофаларга кўчиши жараёнида ифлослантирувчи моддалар концентрацияси атмосферадаги турбулентлик ва аралашиш таъсирида кескин камаяди. Шу сабабли манбадан минглаб километр узоқликда хавфли даражадаги кислотали ёғинлар шаклланиши деярли имконсиз», — дейилади Ўзгидромет хабарида.
Метеорологик кузатувлар ва ҳаво сифати мониторинги шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирда Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ҳудудига бирон-бир заҳарли булутлар кўчиб ўтиш хавфи мавжуд эмас. Ёғингарчилик жараёнлари маҳаллий булут ҳосил бўлиши билан боғлиқ бўлиб, улар ҳудуд устидаги сув буғлари ҳисобига шаклланади.
Агентлик ижтимоий тармоқ фаоллари ва ОАВ вакилларини тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликка чақирди. Эслатиб ўтамиз, амалдаги қонунчиликда аҳоли ўртасида ваҳима чиқаришга қаратилган ёлғон маълумотларни тарқатганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг