Матбуот — бу шунчаки ахборот манбаи эмас, у жамиятнинг кўзгуси

23:21 02 Март 2026 Жамият
814 0

Сўз — масъулият, сўз — ишонч. Шу боис матбуот жамият билан давлат ўртасида мустаҳкам кўприк бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Гулистон давлат педагогика институти ва Сирдарё вилояти ахборот-кутубхона марказида ўтказилган «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари кунлари» тадбирларида сўз қадри, ундан фойдаланиш масъулияти, бу бебаҳо неъматнинг одамларда эртанги кунга ишончни мустаҳкамлашдаги аҳамияти ҳақида фикр юритилди.

«Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти ва Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур ижодий учрашувлар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари ташкил этилганининг 35 йиллигига бағишланди. Мулоқотларда газеталарнинг кўп йиллик муштарийлари, ёшлар, зиёлилар жам бўлди.

Тадбирда таҳририят фаолиятида кейинги йилларда амалга оширилган янгиланишлар ҳақида маълумот берилди. Қайд этилганидек, бугунги ахборот маконида тезкорлик, аниқлик ва холислик асосий мезонга айланган. Шу боис газеталар мазмун-моҳиятини замон талаблари асосида бойитиш, таҳлилий материаллар салмоғини ошириш ва долзарб ижтимоий-сиёсий жараёнларни чуқур ёритишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, давлат ва жамият ҳаётида амалга оширилаётган ислоҳотлар, иқтисодий ривожланиш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ўзгаришлар доимий равишда таҳлил асосида ёритилмоқда. Мутахассислар, олимлар ва амалиётчилар иштирокида интервью ва шарҳлар ташкил этилиб, ўқувчиларга масалаларнинг моҳиятини чуқур англаш имконияти яратилмоқда.

Шунингдек, рақамли платформалар фаолиятини кенгайтириш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилган. Газеталарнинг расмий веб-сайти замон талабалари асосида қайта ишлаб чиқилди, унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, мультимедиа лойиҳалари орқали ахборот етказиш қамрови кенгаймоқда. Айниқса, инфографикалар, видеошарҳлар ва қисқа таҳлилий материаллар ёшлар аудиторияси томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинмоқда.

Учрашувларда сўзга чиққанлар аҳолини холис ва ишончли ахборот билан таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари катта ҳисса қўшиб келаётганини эътироф этди. Мазкур нашрлар мамлакат ҳаётини кенг ва холис ёритиб бораётган, миллий матбуотимизнинг муҳим ва ишончли нашрлари экани, уларнинг саҳифаларида чоп этилаётган мақолалар жамият тараққиёти ва фуқаролик позициясини шакллантиришда катта аҳамиятга эгалиги эътироф этилди.

— «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари олий ўқув юртимиздаги энг кўп ўқиладиган нашрлар ҳисобланади, — дейди Гулистон давлат педагогика институтининг ўқув ишлари бўйича проректори Азизжон Қаландаров. — Президентимиз томонидан имзоланаётган қонунлар, қабул қилинаётган фармон ва қарорлар билан айни шу нашрлар орқали танишамиз, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётидан батафсил хабардор бўлиб борамиз.

Сўз навбати муштарийларга берилганда залда самимийлик ва эркинлик муҳити янада кучайди. Таклифлар, мулоҳазалар, танқид ва илиқ фикрлар — барчаси очиқ айтилиб, самимият билан қабул қилинди.

Хусусан, Гулистон давлат педагогика институтининг Ўзбек филологияси факультети талабалари — Райхона Маматқулова, Гулнора Турғунбоева «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарини мунтазам кузатиб боришини таъкидлаб, уларда чоп этилаётган таҳлилий мақолалар учун таҳририят аъзоларига миннатдорлик билдирди. Мулоқотда таҳририят вакиллари томонидан билдирилган Гулистон давлат педагогика институтида «Маҳорат мактаби»ни ташкил этиш таклифи олийгоҳ жамоаси ва ёшлар томонидан катта мамнуният билан қабул қилинди.

Сирдарё вилояти ахборот-кутубхона марказида давом этган мулоқотда таъкидландики, матбуот — бу шунчаки ахборот манбаи эмас, у жамиятнинг кўзгуси ҳамдир. Унда халқ дарди ҳам, орзуси ҳам, ютуқлари ҳам, муаммолари ҳам акс этиши шарт. Журналист қалами фақат воқеликни тасвирламайди, унинг мазмунини очади, сабаб ва оқибатини таҳлил қилади. Шу боис холислик, фактга таяниш, масъулият ва виждон — ижодкор учун энг юксак мезондир.

— «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари кутубхонамиз фойдаланувчилари томонидан энг кўп сўраладиган нашрлар сирасидан, — дейди Сирдарё вилояти ахборот-кутубхона маркази директори Ойбек Каримов. — Шу боис ҳар йили ушбу нашрларга бир эмас, бир неча нусхада обуна бўламиз.

Мулоқотда сўзга чиққан Гулистон давлат университети профессори Равшан Маҳмудов газеталарнинг тарихи ҳақида тўхталиб, мунтазам кузатиб боришини таъкидлади. Шунингдек, олим улуғ аллома ва аждодларимиз ҳақида туркум мақолалар, иқтисодий таҳлиллар, халқаро шарҳларни, спорт хабарларини, янги чоп этилаётган китоблар ҳақида, шунингдек, ҳудудлардаги оддий инсонлар ҳаёти, меҳнаткашлар тақдири кўпроқ ёритилишини исташини билдирди.

Тадбирларда таҳририят ва муштарийлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, газеталарнинг ўқишлилигини, оммабоплигини янада ошириш борасида билдирилган мулоҳаза ва таклифлар келгуси фаолиятда инобатга олиниши, истиқболдаги режалар шу асосда ишлаб чиқилиши айтилди. Мулоқотлар қалам аҳли ва ўқувчи қалби ўртасидаги самимий суҳбатга, фикр ва қарашлар алмашинувига айланди.
Фазлиддин АБИЛОВ, Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ «Халқ сўзи» мухбирлари.
Юнус БЎРИЕВ олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер