Яқин Шарққа сафарларни вақтинча кечиктиринг – Ўзбекистон ТИВ хабарнома эълон қилди

11:23 02 Март 2026 Жамият
327 0

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Яқин Шарқдаги вазият туфайли хорижий сафарларни вақтинча кечиктириб туриш тўғрисида хабарнома эълон қилди.

Унда айтилишича, Яқин Шарқ минтақасидаги вазиятнинг кескинлашуви ҳамда айрим давлатлар томонидан ҳаво ҳудудидан фойдаланиш бўйича жорий этилган вақтинчалик чекловлар сабабли халқаро авиақатновлар ҳаракатида жиддий ўзгаришлар кузатилмоқда.

Мазкур ҳолат натижасида кўплаб давлатлар вакиллари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳам парвозларнинг бекор қилиниши ёки кечиктирилиши, транзит йўналишларининг ёпилиши ҳамда бошқа ташкилий муаммолар туфайли қийинчиликларга дуч келмоқда.

Шу муносабат билан, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Яқин Шарқ йўналишида режалаштирилган зиёрат, тижорат, дам олиш ҳамда бошқа турдаги хорижий ташрифларни вазият барқарорлашгунига қадар вақтинча кечиктириб туриш тавсия этилган.

«Айни пайтда чет элда бўлиб турган ватандошларимиздан вазиятга нисбатан босиқлик ва ҳушёрликни сақлаш, одамлар гавжум жойларга боришдан тийилиш, маҳаллий қонун-қоидаларга қатъий риоя қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг хорижий дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари билан доимий алоқада бўлиб туриш сўралади», — дейилган хабарномада.

Шунингдек, барча фуқаролар сафарларни режалаштиришда эҳтиёткорлик чораларини кўришлари ва расмий манбалар орқали эълон қилинаётган ахборотларга амал қилишлари зарурлиги қўшимча қилинган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер