Нодавлат олийгоҳлар фаолияти «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизими орқали назорат қилинади
Нодавлат олийгоҳлар фаолияти «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизими орқали назоратга олинади. Бу ҳақида «Таълим хабарлари» Telegram-канали хабар берди.
Муҳокамалар порталига жойлаштирилган Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг буйруғи лойиҳасига кўра, нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига оид қонунчилик бузилиши хавфини таҳлил этишнинг электрон тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган ҳолда қабул қилинади. Лойиҳага кўра, Тадбиркорлик субъекти қонунни бузиш хавфи даражасини таҳлил қилиш жараёни «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизим орқали амалга оширилади.
Хавф даражасининг таҳлили қуйидаги маълумотларни ўрганиш асосида электрон тизим орқали амалга ошириш режалаштирилган:
- маъмурий маълумотлар (лицензия ёки тасдиқнома);
- даврий статистика маълумотлари, жумладан, аввал ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган тадбиркорлик субъектини умумлаштирувчи белгилар, хабарлар ва бошқа корреляцион таҳлил натижалари;
- юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушган мурожаатлар;
- оммавий ахборот воситаларидан ёки бошқа ташқи манбалардан (ижтимоий тармоқлар, веб-сайтлар) олинган маълумотлар;
- қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан ва тадбиркорлик субъектининг одатий фаолиятига бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатмаган ҳолда, давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан олиниши мумкин бўлган бошқа маълумотлар.
Бунда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг аноним эмаслиги ҳамда текширув ўтказилиши режалаштирилаётган тадбиркорлик субъектининг амалда фаолият кўрсатаётганлиги, Вазирлик ходимлари томонидан дастлаб ўрганиб чиқилиши лозим. Нодавлат университетда текшириш ўтказилгандан кейин ушбу тадбиркорлик субъектининг хавфни таҳлил қилиш тизимига асосан баҳоланган баллар йиғиндиси янгиланади.
Шунингдек, хавф даражасини баҳолаш ўрганиладиган маълумотлар асосида шакллантириладиган мезонлар ва кўрсаткичларга Вазирлик ваколати доирасида тегишли йўналишлар кесимида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг мувофиқлигини «балл» тизими асосида баҳолаш орқали амалга оширилади.
Аниқланган хавф даражаси умумий баллари асосида тадбиркорлик субъектлари томонидан нодавлат олий таълим хизматларига оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи қуйидаги 3 хил турга таснифланади:
- хавфи юқори – баҳолаш натижалари бўйича 81 ва ундан юқори балларни ташкил этувчи тадбиркорлик субъектлари;
- хавфи ўрта – баҳолаш натижалари бўйича 61 баллдан 80 баллгача бўлган балларни ташкил этувчи тадбиркорлик субъектлари;
- хавфи паст – баҳолаш натижалари бўйича 60 балл ва ундан кам бўлган тадбиркорлик субъектлари.
Баҳолаш натижаларига мувофиқ хавф даражаси юқори бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган хавфларнинг олдини олишга қаратилган профилактика тадбирлари ўтказилади ва текширувга ташаббус қилиниши мумкин.
Бундан ташқари, хавф даражаси ўрта бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган хавфларнинг олдини олишга қаратилган профилактика тадбирлари ўтказилгандан сўнг ҳам ҳуқуқбузарлик содир этиш аломатлари (бир чорак давомида) ижобий томонга ўзгармаган ҳолатлардагина текширувга ташаббус қилиниши мумкин.
«Хавфни таҳлил этиш» электрон тизими натижаларига асосан ўтказиладиган текширувларнинг бошланиши ҳақида камида 10 иш куни олдин тадбиркорлик субъектини унинг ахборот тизимидаги шахсий кабинети ёки почта алоқаси (агар электрон шаклда хабардор этишнинг техник имконияти мавжуд бўлмаса) орқали хабардор қилинади.
Ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори ва ўрта таснифидаги тадбиркорлик субъектларида профилактика тадбирларини ўтказмасдан ва уларнинг натижасини кутмасдан қуйидаги ҳолатлар доирасида тадбиркорлик субъектида текширув ўтказиш ташаббуси билан чиқиш мумкин:
- аниқ факт ва ҳоллар бўйича фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлиги, атроф-муҳитга, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳамда давлат манфаатларига зарар етказиш хавфининг олдини олиш ёки бартараф этиш учун (жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, давлат органлари ва ташкилотлари маълумотлари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа ахборот манбаларидан олинган маълумотлар);
- тадбиркорлик субъекти тегишли лицензиясиз ёки рухсат этувчи ҳужжатларсиз ноқонуний фаолият кўрсатаётганлиги аниқланганда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг