Россия-Украина урушининг тўрт йиллиги: томонлар йўқотишлар эвазига нималарга эришди?

19:00 26 Февраль 2026 Дунё
1128 0

Жорий йилнинг 24 февраль куни Россия-Украина уруши бошланганига роппа-роса тўрт йил тўлди. 2022 йилнинг айни шу куни Россия президенти Владимир Путин Украинага нисбатан «махсус ҳарбий операция» бошланганини эълон қилган эди. Россия томони бу ҳаракатни НАТОнинг шарққа томон кенгайиши ва Украинанинг ҳарбий блокларга қўшилиш эҳтимолини ўз миллий хавфсизлигига таҳдид сифатида кўраётгани билан изоҳлади.

Ўз навбатида, Украина томони бу вазиятни суверен давлат ҳудудига асоссиз бостириб кириш ва халқаро ҳуқуқ нормаларини бузиш деб баҳолаб, ўз ҳудудий яхлитлигини ҳамда мустақиллигини ҳимоя қилиш учун кенг кўламли мудофаа ҳаракатларини бошлади. Шу тариқа замонавий дунё тарихидаги энг йирик ва қонли тўқнашув бошланиб, миллионлаб инсонлар ҳаётининг ўзгариб кетишига сабаб бўлди.

Бугунги кунга келиб, 1463 кундан буён давом этиб келаётган Украина–Россия урушида вазият боши берк кўчага кириб қолгандек гўё. Ўт очишни тўхтатиш бўйича олиб борилаётган музокараларда олдинга силжиш кузатилмаяпти. Сабаби иккала томон ҳам сулҳ тузиш учун қўйилган талаб ва таклифларни ўз манфаатларига зид деб баҳолашмоқда. Ушбу мақолада тўрт йилдан буён давом этаётган Украина-Россия урушининг оқибатлари ҳамда иқтисодий зарарлари ҳақида сўз юритамиз.

Фронт чизиғининг ўзгариб бориши

Урушнинг ўтган даври мобайнида фронт чизиғи бир неча бор ўзгарди. Дастлабки босқичда Россия қўшинлари шимолий, шарқий ва жанубий йўналишлардан Украина ҳудудига кириб келган бўлса, кейинчалик стратегик чекинишлар ва қарши ҳужумлар натижасида Киев, Чернигов, Суми ва Харков вилоятларининг бир қисми ҳамда Херсон шаҳри Украина назоратига қайтарилди. 2026 йилнинг февраль ойи ҳолатига кўра, асосий жанговар ҳаракатлар Украинанинг шарқий ва жанубий ҳудудларида давом этмоқда.

Россия томони Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятларини ўз таркибига қўшиб олганини эълон қилган, бироқ халқаро ҳамжамиятнинг катта қисми бу ҳудудлар оккупация қилинган деб ҳисоблайди. Ушбу можаро давомида ҳар икки томон ҳам ўзларининг ўн йилликлар давомида тўплаган стратегик захираларини, инсон капиталини ва технологик салоҳиятини ҳарбий мақсадлар учун сарфламоқда. Бу ҳолат таҳлилчилар томонидан «иқтисодий ўз-ўзини йўқ қилиш» жараёни деб аталмоқда.

Уруш шароитида Россиянинг улкан хомашё имкониятлари халқаро санкциялар ва харажатлар босими остида қолган. Украинанинг эса саноат ва қишлоқ хўжалиги инфратузилмаси триллионлаб доллар зарар кўриб, глобал энергия ва озиқ-овқат хавфсизлигига путур етган. Бугунги кунда бу қарама-қаршилик нафақат икки давлат, балки бутун дунё иқтисодиёти ва инсоният тараққиётини сезиларли даражада орқага сураётган глобал инқироз нуқтасида турибди.

Россия тўрт йиллик йўқотишлар эвазига нимага эришди?

Таҳлилчиларнинг фикрича, бугунги кунга келиб, Россия иқтисодиёти ва ҳарбий салоҳияти «чарчатувчи уруш» босқичида турибди. 2022 йилда Россиянинг ҳарбий харажатлари ЯИМнинг атиги 3,6 фоиз қисмини ташкил этган бўлса, 2026 йилги келиб бюджет лойиҳасида бу кўрсаткич рекорд даражадаги 10,8 фоиз гача кўтарилган. Умумий давлат харажатларининг қарийб 40 фоиз қисми, тахминан 160 млрд доллардан ортиқ маблағлар бевосита мудофаа ва хавфсизликка йўналтирилмоқда. Бу эса мамлакат иқтисодиётининг ўта ҳарбийлашганини ва фуқаролик секторига ажратиладиган маблағларнинг сезиларли даражада қисқарганини кўрсатади.

Тўрт йил давомида ҳарбий ҳаракатлар туфайли ҳалок бўлган ва оғир яраланган россияликлар сони 1,2 миллион нафардан ошган. Бу эса Россия меҳнат бозорида 2,4 миллион кишилик ишчи кучи танқислигини келтириб чиқарган. Ҳарбий техника йўқотишлари ҳам ҳайратланарли кўринишга эга. Жами 24 000 дан ортиқ оғир техника, жумладан, 3 500 дан ортиқ танк ва 7 000 га яқин зирҳли машиналар утилизация қилинган. Россия бу йўқотишларни қоплаш учун ўз саноатини 24/7 иш режимига ўтказган бўлсада, мутахассислар технологик қолоқлик сабабли янги ишлаб чиқарилаётган техникаларнинг сифати совет давридаги моделлардан ҳам паст эканини таъкидлашмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, бугунги кунда Россия Украина ҳудудининг қарийб 18 фоиз қисмини назорат қилмоқда. Шундан Донецк вилоятининг 60 фоизга яқини, Луганскнинг 95 фоиздан ортиғи, Запорожье ва Херсон вилоятларининг эса тахминан 70 фоиз қисми Россия назорати остида қолмоқда. Бироқ Россия Федерацияси таркибига қўшилгани эълон қилинган тўртта вилоятнинг бирортаси, ҳатто тўрт йил ўтиб ҳам, тўлиқ маъмурий чегаралари бўйича эгаллангани йўқ. Энг йирик ютуқ сифатида Қримни Россия билан боғлайдиган 180 кмлик қуруқлик йўлагининг шакллантирилганини кўрсатиш мумкин.

Сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар Россияни дунёнинг энг кўп санкцияланган давлатига айлантирди. Мамлакат жами 16 500 дан ортиқ индивидуал ва корпоратив чекловларга дуч келган. 2026 йилга келиб, Россия энергия экспортининг 85 фоиз қисми Хитой ва Ҳиндистон ҳиссасига тўғри келмоқда, бироқ бу савдо 20-30 фоизгача чегирмалар билан амалга оширилмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрича, Россия бугунги кунда «миқдор сифатдан устун» деган тамойил асосида фронт чизиғини ушлаб турибди. Бу эса қисқа муддатга барқарорликдек кўринсада, узоқ муддатда мамлакатнинг технологик ва ижтимоий пойдеворини емиради.

Украинанинг тўрт йиллик қаршилиги ёхуд триллион долларлик зарар

Украина учун ушбу урушнинг энг даҳшатли рақамларидан бири — бу иқтисодиёт ва инфратузилмага етказилган зарардир. 2026 йилга келиб, мамлакатни қайта тиклаш учун зарур бўлган маблағ 700 миллиард доллардан ошиб кетган. Уруш давомида 160 000 дан ортиқ турар-жой бинолари, 3 500 дан ортиқ таълим муассасаси ва 1 200 дан ортиқ тиббиёт масканлари вайрон қилинган ёки жиддий шикастланган.

2026 йилга келиб Украинанинг электр ишлаб чиқариш қуввати 2022 йилга нисбатан 55-60 фоизга қисқарган. Бу эса мамлакатнинг энергетика тизими оғир зарбалар қабул қилиб олганидан далолатдир. Украинадаги инсоний талафотлар ва демографик инқироз ҳам мисли кўрилмаган даражага етган.

Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, ҳарбий ва тинч аҳоли орасидаги ҳалок бўлган ва яраланганларнинг умумий сони 500 000 кишидан ортган. Бундан ташқари, 6,5 миллиондан ортиқ украиналик хорижда қочқин сифатида қолмоқда, мамлакат ичида эса 3,7 миллиондан ортиқ киши ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Бу жараён Украина меҳнат бозорини 30 фоизга қисқартириб юборган.

2026 йилга келиб Украина ўз халқаро тан олинган ҳудудларининг қарийб 80 фоиз қисмини, жумладан, пойтахт ва барча йирик саноат марказларини ўз назоратида сақлаб турибди.

Мазкур уруш туфайли Украина армияси дунёнинг энг замонавий «технологик полигонига» айлангани ҳам сир эмас. Ҳозирда мамлакат қуролли кучларининг 75 фоиздан ортиғи НАТО стандартидаги қуроллар билан таъминланган ва мамлакат ойига 50 000 дан ортиқ турли русумдаги дронлар ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган. Мамлакат иқтисодиёти бугунги кунда тўлиқ «ташқи донорлик» моделида ишламоқда. Йиллик бюджет тақчиллиги 40-45 млрд доллар атрофида бўлиб, бу маблағнинг асосий қисми АҚШ, ЕИ ва Халқаро валюта жамғармаси томонидан қопланмоқда. Жорий йилга келиб Украина ЯИМ урушнинг биринчи йилидаги 30 фоизлик қулашдан сўнг, йиллик 2-3 фоизлик ўсиш суръатига қайтган бўлсада, бу ўсиш фақат ҳарбий саноат ва ташқи ёрдам ҳисобига амалга ошмоқда.

Таҳлилчилар Украинанинг келажакдаги муваффақияти нафақат фронтга, балки тахминан 300 миллиард долларлик музлатилган Россия активларининг Украинага ўтказилиши бўйича якуний сиёсий қарорга ҳам боғлиқ эканини таъкидламоқда.

Глобал йўқотишлар ва умумий талафотлар

Тўрт йил давомида ҳар икки томондан ҳалок бўлган ва яраланган ҳарбийлар ҳамда тинч аҳолининг умумий сони 1,7 миллион кишидан ошган. Бу рақам Европада Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг йирик инсоний фожиа ҳисобланади. Моддий жиҳатдан эса, дунё иқтисодиёти ушбу уруш ва унинг ортидан келиб чиққан энергия ҳамда озиқ-овқат инқирози сабабли тахминан 2,5-3 триллион доллар миқдоридаги потенциал ялпи маҳсулотни бой берган.

Уруш майдонидаги техник талафотлар ҳам ҳайратланарли даражада катта. Жами 35 000 дан ортиқ оғир ҳарбий техника йўқ қилинган. Агар ушбу техникаларни ишлаб чиқаришга сарфланган маблағлар ижтимоий соҳаларга йўналтирилганида, дунё бўйлаб ўртача 15 миллиондан ортиқ боланинг сифатли таълим ва тиббий хизмат олишини таъминлаш мумкин эди.

Уруш қачон ва қандай тугаши мумкин?

Таҳлилчилар 2026 йилдан кейинги вазият учун учта асосий сценарийни илгари сурмоқда.

«Музлатилган можаро». Ҳар икки томон ҳам стратегик чарчоқ ҳолатига келиши натижасида фаол жанговар ҳаракатлар тўхтатилади, бироқ расмий тинчлик шартномаси имзоланмайди. Бу ҳолатда ҳозирги фронт чизиғи ўн йиллаб сақланиб қолиши ва ҳудудлар «мунозарали» бўлиб қолиши мумкин.

Узоқ давом этувчи позицион уруш. Россия ва Украина ўз ресурсларини максимал даражада сафарбар қилишда давом этади. Бу сценарийда глобал иқтисодий босим кучаяди ва ҳар икки давлатнинг демографик пойдевори бутунлай емирилиши хавфи туғилади.

Дипломатик келишув. Халқаро воситачилар, масалан, Хитой, Туркия ёки БМТ босими остида томонлар ён беришга мажбур бўлади. Бунда Украина хавфсизлик кафолатлари ва ЕИга аъзолик эвазига маълум ҳудудий йўқотишларга рози бўлиши, Россия эса санкцияларнинг юмшатилишини талаб қилиши мумкин.

Эъзозбек Ҳамидов тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер