Навоийда жигар трансплантацияси муваффақиятли амалга оширилди
Навоий кўп тармоқли тиббиёт марказида илк бор жигар трансплантацияси операцияси муваффақиятли ўтказилди.
Операция Миллий тиббиёт марказининг малакали мутахассислари, Жасур Собиров ва Аҳрор Сафаров бошчилигидаги жамоа ҳамда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг Мурод Аҳмедов раҳбарлигидаги малакали мутахассислари ҳамкорлигида амалга оширилди.
— Бемор Шерзод Жўраев 1983 йилда туғилган бўлиб, узоқ йиллар давомида жигар циррози касали билан оғриши оқибати жигар етишмовчилигига олиб келган, — дейди тиббиёт фанлари доктори Жасур Собиров. — Консерватив даволаш усуллари самара бермагани сабабли трансплантация ягона умидга айланган.
Беморга турмуш ўртоғи Наргиза Рўзиева донорлик қилишга рози бўлди. Ҳар икки мижоз операцияга тайёрланди. Барча лаборатор таҳлиллар, КТ ва МРТ текширувлари, қон гуруҳи ва тўқима мослиги аниқланди, кардиологик ва анестезиологик баҳолашлар амалга оширилди. Кўп тармоқли консилиумнинг ижобий хулосаси олинди.

Операция 12 соат давом этди.
— Иккита операция бригадаси бир вақтнинг ўзида ишлаб, бирида донордан жигарнинг бир қисми ажратиб олинган бўлса, — дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг раҳбари Мурод Аҳмедов. — Иккинчисида реципиентга трансплантация амалга оширилди. Айни вақтда донор ва реципиентнинг аҳволи ва гемодинамик кўрсаткичлар барқарор, шунингдек, трансплантат функцияси қониқарли ҳамда доимий тиббий назорат остида. Реципиентга тасдиқланган протокол асосида иммуносупрессив терапия тайинланган. Барча лаборатор кўрсаткичлар мунтазам назорат қилинмоқда. Инфекцион ва тромбоэмболик асоратларнинг олди олинмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоиз, ушбу операция бир бемор ҳаётини сақлаб қолиш йўлидаги шунчаки воқеа эмас, балки Навоий вилояти соғлиқни сақлаш тизимида тўлиқ шаклланган трансплантация дастурининг бошланиши ҳамдир. Эндиликда жигарнинг оғир ва терминал босқичдаги касалликлари билан оғриган беморлар малакали, замонавий ва юқори технологияли тиббий ёрдамни ўз ҳудудида олиш имкониятига эга бўлдилар.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг