Баҳорги аттестация кимлар учун мажбурий экани айтилди

15:57 25 Февраль 2026 Жамият
1706 0

«Таълим хабарлари» Telegram-канали шу йилнинг биринчи ярмида бўлиб ўтадиган аттестация кимлар учун мажбурий экани ҳақида маълумот берди.

Унда айтилишича, 2026 йилнинг биринчи ярмида ўтказиладиган аттестацияга ҳужжат топшираётган педагоглар ариза топширишда эътибор қаратиши лозим бўлган энг муҳим жиҳатлардан бири — аттестация турини (навбатдаги мажбурийми ёки навбатдан ташқарими) тўғри танлаш ҳисобланади. Сабаби, навбатдаги мажбурий аттестация учун тўлов қилинмайди.

Агар педагог навбатдан ташқари сифатида ҳужжат топшириб қўйсаю, ушбу аттестация мазкур педагог учун навбатдаги мажбурий бўлса, бунда ариза рад қилинади ва тўлов қайтарилмайди.

Маълумки, Ҳукумат қарорига асосан тоифа сертификатлари муддати 5 йил ҳисобланади. Агар педагог охирги тоифа сертификатини 2021 йилда ёки ундан аввалги йилларда олган бўлса, ушбу синовлар унинг учун навбатдаги мажбурий ҳисобланади. Таъкидлаш лозимки, 2022 йилгача педагоглар аттестацияси бир йилда бир маротаба ўтказилган.

Агар педагогнинг ҳолати низомда кўрсатилган қуйидаги бандлардан бирига мос бўлса, унинг тоифа сертификати 2021 йилда олинган бўлса ҳам, мажбурий аттестацияга жалб қилиш муддати кейинги йилларга сурилиши мумкин:

  • ҳомиладор аёллар — улар ҳомиладор бўлган даврда ҳамда ишга чиққанидан кейин бир йил давомида;
  • ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда болани парвариш қилиш таътилларида бўлган аёллар — улар таътилда бўлган даврда ҳамда ишга чиққанидан кейин бир йил давомида;
  • педагогик фаолият билан шуғулланаётган, уч ёшгача болалари бор аёллар;
  • узоқ (уч ойдан ортиқ вақт мобайнида) даволанишни ўтаётган педагог кадрлар — улар даволанаётган даврда ҳамда ишга чиққанидан кейин олти ой давомида;
  • ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартлар асосида рақобатлаша олмайдиган шахслар учун энг кам миқдордаги иш ўринларига захирага олиб ишга жойлаштирилган педагог кадрлар — бу иш жойларига қабул қилинган кундан бошлаб уч йил давомида.

Шунингдек, агар педагогнинг ҳолати юқоридаги ҳолатлардан қайсидир бирига мос бўлса, асос бўлувчи ҳужжатларни платформага юклаш орқали мажбурий аттестация муддати сурилиши лозим.

Ҳукумат қарори билан тасдиқланган низомга кўра, педагог кадр аттестациядан ўтказиш бўйича давлат хизмати кўрсатилишидан воз кечган, амалдаги малака тоифасини (лавозимини) ҳимоя қила олмаган ёки аттестациядан ўта олмаган тақдирда, тўланган йиғим қайтариб берилмайди.

Педагог кадрлар узрли сабабларга (вақтинча меҳнатга қобилиятсизлиги, давлат ёки жамоат вазифаларини бажарганлиги, республика ва халқаро мусобақаларда иштирок этганлиги, вақтинча хорижий мамлакатда сафарда бўлганлиги, яқин қариндошининг вафоти, ваколатли давлат органи ёки таълим ташкилотлари раҳбарларининг маълумотномасида кўрсатилган бошқа асосларга) кўра аттестацияга келмаганлиги туфайли уларнинг аттестацияси бошқа муддатга кўчирилган тақдирда, йиғим такроран ундирилмайди.

Маълум қилинишича, мутахассис тоифасидан юқори тоифали педагогларга ҳужжат топширишда платформанинг ўзида «Сизники мажбурий навбатдаги аттестация» деган эслатма берилмоқда. Мутахассис тоифасидагилар эса юқоридаги кўрсатмаларга амал қилишлари лозим бўлади.

Педагогларга аризани охирги муддатга қолдирмаслик, имкон қадар эртароқ рўйхатдан ўтиб, тўловни амалга ошириш тавсия этилади. Ўз вақтида тўловни тўлиқ амалга оширмаган аризалар эса кўриб чиқилмайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер